Республикамизда “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” тадбирларига старт берилди // "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" муносабати билан пойтахтимиздаги 22 ва 30-сонли Меҳрибонлик уйларида Яшнобод ва Чилонзор тумани ФВБ бўлими ходимлари томонидан “Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш” мавзусида ўқув машғулоти ташкил этилди. // Сирдарё вилоятида жойлашган Оилавий уйларда "Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш" мақсадида 15 ноябрдан 15 декабргача бўлиб ўтаётган "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" доирасида Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, электр ва газ таъминоти ташкилоти ходимлари билан ҳамкорликда профилактик йўриқнома ва кўргазмали машғулотлар ўтказилди. // Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида очиқ эшиклар куни ва "Уч авлод учрашуви" ўтказилди // Бухоро вилоятининг Ромитан туманида яна бир мактабнинг қўшимча биноси фойдаланишга топширилди // Фарзанд тарбиясида мактаб ва ота-она ҳамкорлиги // “Уч авлод учрашуви” ўтказилди // "Ҳилпирайвер муқаддас байроқ" шиори остида тадбир ўтказилди. // Бухоро шаҳридаги 35-сонли мактабда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун буносабати билан тадбир ташкил этилди // Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига байрам табриги  / / Президент Шавкат Мирзиёев мактабларда мусиқа, жисмоний тарбия ва ҳарбий ватанпарварлик фанлари сифатини ошириш бўйича тақдимот билан танишди / / Миллий гвардия инспектор-психологлари учун ташкил этилган ўқув-семинари якунланди / / Андижон шаҳридаги 2-сон Ихтисослаштирилган мактаб интернатида спортнинг камондан ўтиш тури бўйича маҳорат дарслари ҳамда беллашувлар ўтказилди / / Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбиялаш, ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди // “Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари ва Оилавий уйлар фарзандларининг талабалар турар жойларидаги яшаш шароитлари ўрганилди / / Ёш спортчилар халқаро мусобақада иштирок этишди / / Ватанга меҳр оиладан бошланади / / Оилавий уй фарзандлари чуқурлаштирилган тиббий кўрик dan ўтказилди / / Ватанга меҳр оиладан бошланади / / Оилавий уй фарзандлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди / / Миллий гвардия ва мактаб ҳамкорлиги  / / Мактабларда фаолият олиб бораётган ходимлар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди / / Шофиркон туманида навбатдаги ватанпарварлик тадбири ўтказилди / / Миллий гвардия Болалар психологияси маркази 2 ёшда! 

Вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сонли қарори билан тасдиқланган  Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида низом асосида амалга оширилади.

Фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади.

Фарзандликка олиш - болани фарзандликка олишни хоҳлаган, фарзандликка бола олишга номзод сифатида рўйхатда турган шахс(лар)нинг аризасига ҳамда васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олиш асосли ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосасига кўра суд томонидан амалга оширилади.

Шахс(лар)ни фарзандликка олишга номзод сифатида ҳисобга қўйиш уларнинг турар жойидаги васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.

Фарзандликка олувчилар - болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ота-она мажбуриятларини ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган шахслардир.

Фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар ҳақидаги маълумотлар ва фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулоса боланинг турган жойидаги васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан тайёрланади.

Қуйидагилар фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар сифатида ҳисобга олинади:

ота-онаси вафот этган;

ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган;

ота-онаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган;

ота-онаси болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган;

ота-онаси бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар муассасалари ёки тиббий муассасалардаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган;

ота-онаси тарбиялаш, даволаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасасидан ва бошқа муассасалардан боласини олишдан бош тортган;

ота-онаси бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилинган болалар.

Фарзандликка олишни хоҳловчи шахс яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

-фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, никоҳда қачондан бери турганлиги, эр-хотиннинг бирга ёки алоҳида яшаши, агар фарзандлари бўлса, уларнинг сони ва ёши, фарзандликка олинаётган болани ёши ва жинси кўрсатилган ҳамда фарзандликка олишга номзод сифатида ҳисобга қўйиш сўралган ариза;

-шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва унинг нусхаси;

-никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса) ёки никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотнома;

-эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинаётган бўлса, бошқасининг розилиги (агар эр-хотин оилавий муносабатларни тугатган, бир йилдан ортиқ бирга яшамаётган бўлса ва эрнинг (хотиннинг) яшаш (турган) жойи номаълум бўлса, шунингдек, бу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, фарзандликка олишда унинг розилиги талаб қилинмайди);

-иш жойидан эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи кўрсатилган ёки бошқа даромад манбалари тўғрисидаги маълумотнома;

-фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи ҳолати ҳақида тиббий хулоса (психиатрия, сил касаллигига қарши кураш ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари маълумотномалари);

-қасддан содир этган жинояти учун илгари судланмаганлиги ҳақида ички ишлар органининг ахборот марказидан олинган маълумотнома;

-турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Фарзандликка олиш истагини билдирган шахслар тўғрисида хулоса тайёрлаш учун васийлик ва ҳомийлик органлари фарзандликка олишни ҳоҳловчи шахснинг яшаш шароитини ҳамда тегишли ҳужжатларни қабул қилган кунидан бошлаб 10 иш куни ичида ўрганиб чиқади ва тегишли далолатнома тузади.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар, шунингдек, болани фарзандликка олишни ҳоҳлаган шахсларнинг турмуш шароитларини ўрганиб чиқиш далолатномаси асосида васийлик ва ҳомийлик органи ариза берилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида уларнинг фарзандликка олувчилар бўлиши имконияти тўғрисидаги хулосани тайёрлайди.

Фарзандликка олувчилар бўлиши имконияти тўғрисидаги хулоса билан бирга ариза берувчига унинг фарзандликка олишга номзод сифатида ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги ҳужжат берилади.

Агар фарзандликка олинаётган бола фарзандликка олишни ҳоҳловчи шахсга қариндош (невара, ўгай ўғил ёки ўгай қиз ва ҳоказо) бўлса ёки унинг оиласида яшаётган бўлса, фарзандликка олувчи бўлиш имконияти тўғрисидаги хулоса 10 иш куни мобайнида тузилади ва ариза берувчига берилади.

Васийлик ва ҳомийлик органлари салбий хулоса ва унга асосланган фарзандликка олишга номзодлар сифатида ҳисобга қўйишнинг рад этилишини хулоса имзоланган санадан бошлаб 5 кун муддатда ариза берувчининг эътиборига етказадилар. Айни бир вақтда ариза берувчига барча ҳужжатлар қайтарилади ва қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади.

Васийлик ва ҳомийлик органи барча ҳужжатларнинг нусхаларини ўзига олиб қолади ва аслини ариза берувчига келгусида судга тақдим этиш учун қайтариб беради.

Вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин, қуйидаги шахслар бундан мустасно:

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;

асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;

собиқ фарзандликка олувчилар, агар улар фарзандликка олиш бўйича зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганликлари ёки уларни лозим даражада бажармаганликлари, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганликлари, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлганликлари, шунингдек, сурункали ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганликлари муносабати билан фарзандликка олиш бекор қилинган бўлса;

қасддан содир қилган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар.

Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустасно.

Фарзандликка олишда қуйидагилар устунлик ҳуқуқига эга бўладилар:

турар жойидан қатъи назар, фарзандликка олинувчининг қариндошлари;

оиласида фарзандликка олинувчи бола яшаётган шахс;

ака-ука, опа-сингилларни улар орасидаги қариндошлик алоқаларини бузмасдан фарзандликка олаётган шахслар;

ўгай ота ва ўгай она;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

касаллик, бахтсиз ҳодиса оқибатида фарзандларидан ажралган шахслар.

Васийлик ва ҳомийлик органи фуқаролар фарзандликка олувчи номзодлар сифатида ҳисобга қўйилгандан кейин уларга фарзандликка олиш мумкин бўлган бола (болалар) тўғрисидаги ахборотни тақдим этади ва бола (болалар) яшайдиган (турган) жойда болани (болаларни) кўриш учун йўлланма беради.

Агар фарзандликка олишга номзодлар ўз яшаш жойида фарзандликка олиш учун болани танлай олмаса, улар фарзандликка олинадиган бола тўғрисида маълумот олиш учун ўз ҳоҳишларига кўра бошқа васийлик ва ҳомийлик органига ёки Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилишлари мумкин.

Фарзандликка олишга номзодлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бола тўғрисидаги батафсил маълумотни ва унинг қариндошлари борлиги ҳақидаги маълумотларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибда бола турган муассасанинг вакили иштирокида болани фарзандликка олишни мустақил тиббий текширувдан ўтказиш учун тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш.

 

Фарзандликка олишга номзодлар шахсан:

бола билан танишишга ва у билан алоқа ўрнатишга;

фарзандликка олинадиган боланинг ҳужжатлари билан танишишга;

боланинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса билан танишганликни ёзма шаклда тасдиқлашга мажбур.

Васийлик ва ҳомийликдаги, давлат болалар муассасалари тарбияси ва таъминотидаги болаларни фарзандликка олиш, ота-онасининг розилиги талаб қилинмайдиган ҳолларда, васий (ҳомий) ёки ушбу муассаса маъмурияти розилиги билан амалга оширилади.

 

Фарзандликка олиш учун бола танлангандан кейин фарзандликка олувчи бўлиш имконияти тўғрисидаги хулоса асосида фарзандликка олувчи номзод Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда судга ариза билан мурожаат қилади.

Суднинг сўровига кўра васийлик ва ҳомийлик органлари фарзандликка олиш асосли эканлиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосани судга тақдим этадилар.

 

Хулосага қуйидагилар илова қилинади:

фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойи ёки фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) яшаш жойи бўйича васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тузилган фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) яшаш шароитларини текшириш далолатномаси.

фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувидан кўчирма;

фарзандликка олинаётган боланинг соғлиғи ҳолати, жисмоний ва ақлий ривожланиши ҳақидаги тиббий хулоса;

ўн ёшга тўлган фарзандликка олинаётган боланинг фарзандликка олишга, шунингдек, фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилиши мумкинлигига ва фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) унинг ота-онаси (отаси ёки онаси) сифатида қайд этилишига розилиги;

бола ота-онасининг (отасининг ёки онасининг) унинг фарзандликка олинишига розилиги, ўн олти ёшга тўлмаган ота-онанинг боласи фарзандликка олинаётганда эса ота-она қонуний вакилларининг ҳам розилиги, қонуний вакиллар мавжуд бўлмаган тақдирда эса васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги;

бола унинг қариндошлари бўлмаган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фарзандликка олинганда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ва фарзандликка олишга номзодларни ҳисобга олиш бўйича маълумотлар базасида фарзандликка олинаётган бола ҳақидаги маълумотлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек, болани Ўзбекистон Республикаси фуқаролари оиласига тарбияга олиш ёки боланинг қариндошлари томонидан ушбу қариндошларнинг фуқаролиги ва яшаш жойидан қатъи назар фарзандликка олиниши имконияти мавжуд эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Зарурат бўлганда, суд бошқа ҳужжатларни (маълумотларни) ҳам талаб қилиб олиши мумкин.

 

Фарзандликка олиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга киргандан кейин ўн кун ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари фарзандликка олинаётганларнинг туғилиши қайд этилган дафтарга зарур ўзгартиришлар киритиши лозим.

Агар суд қарорида қайд этилган бўлса, фарзандликка олувчилар боланинг туғилганлиги тўғрисидаги ёзувлар дафтарига унинг ота-онаси деб ёзилиши керак. Зарур ҳолларда боланинг фамилияси, исми, отасининг исмигина эмас, балки туғилган санаси ҳам бир йилдан ортиқ бўлмаган фарқ билан ўзгартирилади.

Фарзандликка олинган боланинг туғилганлиги тўғрисидаги ёзувлар дафтарига зарур ўзгартиришлар киритилган кун фарзандликка олишнинг юзага келган вақти ҳисобланади.

Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги ва бошқа ҳужжатлардаги фарзандликка олувчилар фарзандликка олинганнинг отаси эмаслигини билдирадиган мазмундаги ёзувлар билан таништириш, бу ёзувлардан кўчирмалар ва бошқа маълумотларни фарзандликка олувчиларнинг розилигисиз, улар вафот этган ҳолда, васийлик ва ҳомийлик органининг розилигисиз бериш тақиқланади.

Фарзандликка олувчининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига хилоф равишда фарзандликка олиш сирини ошкор қилган шахслар қонун билан белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Фарзандликка олинган болалар барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчининг ўз болаларига тенглаштирилади.

Фарзандликка олинганлар ва уларнинг ота-онаси (ота-онасининг қариндошлари) бир-бирларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳамда мажбуриятларини йўқотадилар.

Агар фарзанликка олаётган эркак киши бўлса онасининг, агар аёл киши бўлса отасининг илтимосига кўра боланинг манфаатларидан келиб чиқиб уни фарзандликка бир шахс томонидан олинаётгандаги мулкий ва номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари сақланиб қолиниши мумкин.

Агар фарзандликка олинаётган боланинг отаси ёки онаси вафот этган бўлса, вафот этган ота ёки онанинг ота-онасининг (бобо ёки буви) илтимосига кўра вафот этган ота ёки онаси қариндошларига нисбатан шахсий мулкий ёки номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари сақланиб қолиши мумкин.

Фарзандликка олиниш вақтида боқувчисини йўқотганлик учун пенсия ёки нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаганлар фарзандликка олинган тақдирда ҳам ана шу ҳуқуқни сақлаб қоладилар.

Фарзандликка олишни бекор қилиш учун асослар ва унинг оқибатлари:

Фарзандликка олиш агар фарзандликка олувчилар:

ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаётган ёки уларни лозим даражада бажармаётган бўлсалар;

ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилаётган бўлсалар;

фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлсалар;

муттасил ичкиликбозликка ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлсалар бекор қилиниши лозим.

Фарзандликка олинувчи ўн саккиз ёшга тўлгандан кейин унинг хулқ-атвори фарзандликка олувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказаётган, уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф солаётган бўлса, фарзандликка олиш суд тартибида бекор қилинишига йўл қўйилади.

Суд бошқа асосларга кўра ҳам боланинг манфаатларидан келиб чиқиб унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда фарзандликка олишни бекор қилишга ҳақлидир.

Фарзандликка олишни суд тартибида бекор қилишни унинг ота-онаси, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, шунингдек, ўн олти ёшга тўлган фарзандликка олинган бола талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Фарзандликка олишни бекор қилишга фақат суд тартибида йўл қўйилади. Бу тоифадаги ишларни ҳал қилишда ўн ёшга тўлган боланинг фикри ҳисобга олинади.

Фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин уч кундан кечиктирмай суд шу қарордан кўчирмани фарзандликка олинган бола туғилган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига юбориши шарт.

Суд томонидан фарзандликка олиш бекор қилинганда фарзандликка олинган бола билан фарзандликка олувчиларнинг (фарзандликка олувчилар қариндошларининг) ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари тугатилади ҳамда бола билан унинг ота-онаси (ота-онанинг қариндошлари) ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар тикланади.

Фарзандликка олиш бекор қилинганда, бола суднинг ҳал қилув қарори билан ота-онасига олиб берилади.

Боланинг ота-онаси йўқ бўлса, шунингдек, агар болани ота-онасига бериш унинг манфаатларига зид бўлса, бола васийлик ва ҳомийлик органлари қарамоғига берилади.

Суднинг ҳал қилув қарорида фарзандликка олинган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми сақланиш-сақланмаслиги кўрсатилиши керак.

Ўн ёшга тўлган боланинг фамилияси, исми ва отасининг исми фақат унинг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.

Фарзандликка олинган болаларнинг шахсий ҳужжатларининг нусхалари фарзандликка олиш асосли эканлиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосани берган васийлик ва ҳомийлик органида етмиш беш йил мобайнида сақланади.

Болаларни оилага тарбияга олиш - Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сон қарори билан тасдиқланган Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Фарзандликка олган оила ота-оналар қаровисиз қолган болаларни тарбиялаш шаклларидан бири ҳисобланади. Ота-оналар қаровисиз қолган болани (болаларни) тарбия қилиш учун олишни истайдиган фуқаролар (эр-хотин ёки алоҳида фуқаролар) тутинган ота-оналар деб аталади, ушбу оила эса фарзандликка олган оила ҳисобланади.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар, шу жумладан, тарбия ва даволаш муассасаларида, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш муассасаларидаги болалар оилага тарбияга берилади.

Фарзандликка олган оиладаги болаларнинг умумий сони, ўз болалари ва фарзандликка олинган болалар билан биргаликда, қоидага кўра, 8 нафардан ошмаслиги керак.

Болаларни оилага тарбияга олиш ихтиёрий бўлиб, у васийлик ва ҳомийлик органлари билан болани олиш истагини билдирган шахслар ўртасида тузилган махсус шартнома асосида амалга оширилади.

Фарзандликка олган оилани ташкил этиш тартиби.

Вояга етган ҳар икки жинсдаги шахслар тутинган ота-она бўлишлари мумкин, қуйидагилар бундан мустасно:

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахслар;

суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган деб эътироф этилган шахслар;

қонун билан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни лозим даражада бажармагани учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки уларни лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлганликлари, шунингдек, муттасил ичкиликбозликка ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганликлари учун фарзандликка олиш суд томонидан бекор қилинган бўлса, илгари фарзандликка бола олган шахслар;

қасддан қилинган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар;

соғлиғининг ёмонлиги туфайли бола тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар.

Қайси касалликка чалинган тақдирда болани тарбияга олиш тақиқланадиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Болани (болаларни) фарзандликка олишни хоҳловчи шахслар ўз яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига тутинган ота-оналар сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги илтимос билдирилган аризани берадилар.

Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:

никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса) ёки никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотнома;

эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинаётган бўлса, бошқасининг розилиги (агар эр-хотин оилавий муносабатларни тугатган, бир йилдан ортиқ бирга яшамаётган бўлса ва эрнинг (хотиннинг) яшаш (турган) жойи номаълум бўлса, шунингдек, бу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, фарзандликка олишда унинг розилиги талаб қилинмайди);

иш жойидан эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи кўрсатилган ёки бошқа даромад манбалари тўғрисидаги маълумотнома;

фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи ҳолати ҳақида тиббий хулоса (психиатрия, сил касаллигига қарши кураш ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари маълумотномалари);

қасддан содир этган жинояти учун илгари судланмаганлиги ҳақида ички ишлар органининг ахборот марказидан олинган маълумотнома;

санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқидаги, ижара (ижарага олиш) шартларидаги ёки бошқа асослардаги уй-жой мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.

Ариза беришда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат кўрсатилади.

Васийлик ва ҳомийлик органи ариза берилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида оиланинг турмуш шароитларини, болаларни тарбияга олишни истаганларнинг моддий таъминланганлик ҳолатини текширади, текшириш далолатномасини тузади ва текшириш далолатномаси асосида уларни ҳисобга қўяди.

Ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчилар эътиборига қарор қабул қилинган кунидан бошлаб 5 кун муддатда етказилади. Ҳисобга қўйиш рад этилган тақдирда ариза берувчига барча ҳужжатлар қайтарилади ва қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳисобда турган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишган ҳолда васийлик ва ҳомийлик органларида ҳисобда турган ва ота-оналар қаровисиз қолган, шу жумладан, тарбиялаш ва даволаш муассасаларидаги, шунингдек, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидаги вояга етмаган болаларнинг дастлабки танлаб олинишини амалга оширади.

Тутинган ота-оналарни танлаш васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.

Болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни фақат уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.

Ўзаро қариндош бўлган болалар, қоидага кўра, битта оилага берилади, тиббий кўрсаткичлар бўйича ёки бошқа сабабларга кўра улар бирга тарбияланиши мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

Болаларни фарзандликка оладиган оилага тарбиялаш учун бериш намунавий битим асосида амалга оширилади. Болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилиш тўғрисидаги битим васийлик ва ҳомийлик органлари билан тутинган ота-оналар ўртасида тузилади.

Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувда тутинган ота-она тўғрисида маълумотлар (яшаш жойи, паспорти, оилавий шароити), болани таъминлаш шароитлари, болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, тутинган ота-оналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, васийлик ва ҳомийлик органларининг тутинган оилага нисбатан мажбуриятлари, шунингдек, бундай келишувни бекор қилиш асослари ва оқибатлари кўрсатилиши керак.

Васийлик ва ҳомийлик органи тутинган ота-оналар билан келишув тузилишигача болани тарбияга олаётган оиланинг турмуш шароитларини ўрганиб чиқиши ва ушбу оила аъзолари соғлиғининг аҳволи ҳақида маълумотлар тўплаши шарт.

Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбиялаш (патронат) учун берилган болаларни ҳар йили бир марта кийим-бош, пойабзал ҳамда болани ўз тарбиясига олган тутинган ота-оналарни қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ҳар ойда нафақа билан таъминлайдилар.

Тутинган ота-онага ҳомийлар, ташкилотлар, идоралар, айрим шахслар томонидан болаларни тарбиялаш мақсадида турли моддий ва маънавий ёрдам берилиши ҳам мумкин.

 

Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув муддатидан олдин қуйидаги сабаблар бўлганда тутинган ота-онанинг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин:

касаллиги;

оилавий ёки мулкий мавқенинг ўзгариши;

болалар билан ўзаро бир-бирини тушунмаслик ва бошқалар.

Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув васийлик ва ҳомийлик органининг ташаббуси билан ёки болалар ота-оналарга қайтарилган ёхуд улар фарзандликка олинганда муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.

Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувларни тўхтатиш тўғрисидаги низолар суд тартибида ҳал қилинади.

 

Оилага тарбияга олинган болаларнинг ҳуқуқлари

Оилага тарбияга берилган болалар:

ўзларига тегишли бўлган алимент, шунингдек, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни олиш;

уй-жойга бўлган мулк эгалиги ёки уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини;

қонун ҳужжатларига мувофиқ уй-жой олиш ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.

Фарзандликка оладиган оилага тарбиялаш (патронат) учун берилган болаларга қонун ҳужжатларида ота-оналар қаровисиз қолган болалар учун назарда тутилган барча имтиёзлар татбиқ этилади.

Оилага тарбияга берилган болалар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ота-онаси ва қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.

Оилада ўз манфаатига дахлдор ҳар қандай масала ҳал қилинаётганида бола ўз фикрини билдиришга ҳақлидир.

Тутинган ота-онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Тутинган ота-она тарбияга олинган болага нисбатан васий ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эгадирлар, яъни ўз қарамоғидаги шахсларнинг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ва улар номидан ҳамда уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни тузадилар.

Улар ўз қарамоғидаги шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда кўмаклашадилар, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари учинчи шахслар томонидан суиистеъмол этилишидан ҳимоя қиладилар.

Болаларни тарбияга олган шахслар ўз ҳуқуқларидан ғаразгўйлик ёки бошқа ниятларда, тарбиясидаги болаларга зарар келтирган ҳолда фойдалансалар, шунингдек, уларни назоратсиз ҳамда зарур моддий ёрдамсиз қолдирсалар, васийлик ва ҳомийлик органлари болаларни тарбияга олган шахсларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини қўзғатишга ҳақлидир.

Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини кузатиб борадилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 31 июлдаги 158-сон қарори билан тасдиқланган Оилавий болалар уйлари тўғрисидги низом оилавий болалар уйининг мақомини, уларни ташкил этиш, оилавий болалар уйига болаларни қабул қилиш тартибини, тарбияловчи ота-оналарнинг ҳамда ана шундай уйларга тарбиялаш учун берилган болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Ота-онасининг қаровисиз қолган болаларни тарбиялаш, ўқитиш, соғломлаштириш, ақлий, психологик ва жисмоний ривожлантириш, уларни ижтимоий мослаштириш ва муҳофаза қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар учун оиладагига яқин зарур шароитлар вужудга келтириш оилавий болалар уйининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Оилавий болалар уйи туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади. Оилавий болалар уйини ташкил этишни хоҳлаган эр-хотиннинг тегишли аризаси, васийлик ва ҳомийлик органининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича туманлар ва шаҳарлар идоралараро комиссиясининг (кейинги ўринларда вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия деб аталади) эр-хотиннинг тарбиячилар — ота-оналар бўлиши ва болаларни тарбия қилишга олиши имконияти тўғрисидаги хулосаси туман (шаҳар) ҳокимининг қарори қабул қилиниши учун асос ҳисобланади.

Оилавий болалар уйи ташкил этишни хоҳловчи эр-хотин ўзининг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига ариза билан мурожаат қилишади.

Аризада эр-хотиннинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, болалари (ўзлариники, фарзандликка олганлари) мавжуд бўлган тақдирда - уларнинг сони ва ёши кўрсатилади.

Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:

маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларнинг, никоҳдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалари;

иш ва ўқиш жойидан маълумотнома (ишламаётган ёки белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилганлар учун — маҳаллий меҳнат органларининг маълумотномаси);

меҳнат дафтарчасидан кўчирма (иш стажи мавжуд бўлса);

оила аъзолари кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;

эр-хотинда санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқи, ижара шартларида (ижарага олинган) ёки бошқа қонуний асосларда турар жой мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (тегишли турар жой мавжуд бўлмаган тақдирда аризада хизмат турар жойи билан таъминлаш зарурлиги кўрсатилади);

тиббий маслаҳат комиссиясининг эр-хотиннинг соғлиғи тўғрисидаги хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансери маълумотномалари.

Аризани топшириш вақтида эр-хотиннинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикасининг никоҳдан ўтган, 35 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролари тарбияловчи ота-она бўлишлари мумкин, қуйидаги шахслар бундан мустасно:

тарбиялашга олинаётган болалар билан қариндошлиги бўлганлар;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқатлилиги чекланган деб эътироф этилганлар;

ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилганлар ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

ўзларига юкланган мажбуриятларни зарур даражада бажармаганлик учун васийлик (ҳомийлик) мажбуриятидан четлаштирилганлар;

агар фарзандликка олиш уларнинг айби билан суд томонидан бекор қилинган бўлса, собиқ фарзандликка олганлар;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган касалликлар рўйхатига мувофиқ болаларни тарбиялашга олиши тақиқланадиган касаллиги мавжуд бўлганлар;

қасддан қилган жинояти учун судланганлар.

Васийлик ва ҳомийлик органи эр-хотиннинг аризаси асосида ариза берилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида эр-хотиннинг турмуш шароитларини текширади, текшириш натижаларига кўра тегишли хулоса билан далолатнома тузади ва уларни кўриб чиқиш учун вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга тақдим этади.

Эр-хотиннинг турмуш шароитлари, шу жумладан турар жой майдони, санитария ва бошқа шароитлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган нормативларга мувофиқ бўлиши керак.

Текшириш вақтида оиланинг биргаликда яшайдиган барча аъзоларининг, шу жумладан ўзининг ва фарзандликка олган болаларининг (ўн ёшдаги болаларнинг розилиги мажбурийдир) фикри ўрганилади, иш жойидан тавсифнома сўралади.

Текшириш далолатномаси ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаси, шунингдек тақдим этилган материаллар асосида вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия текшириш далолатномаси ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаси олинган кундан бошлаб 20 кун мобайнида оилавий болалар уйи ташкил этиш мумкинлиги тўғрисида узил-кесил хулоса тузади ҳамда уни васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этади.

Бунда тарбияловчи ота-она бўлишни хоҳловчи эр-хотиннинг шахсий сифатлари, уларнинг соғлиғи, болаларни тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажаришга лаёқати (тайёрлиги), ўзлари билан бирга яшайдиган бошқа оила аъзолари билан ўзаро муносабатлари эътиборга олиниши керак.

Ота-онасининг қаровисиз қолган болаларни тарбиялашда ижобий тажрибага ва педагогик маълумотга эга бўлган оилаларга (фарзандликка олувчиларга, васийларга, тутинган ота-оналарга) устунлик берилади.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кунидан бошлаб 5 кун мобайнида васийлик ва ҳомийлик органи томонидан аризачиларга етказилади. Айни бир вақтда аризачига барча ҳужжатлар қайтариб берилади ва хулоса юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади. Хулоса юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиянинг хулосаси ижобий бўлган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органи хулоса тузилган кундан бошлаб 5 кун мобайнида туман (шаҳар) ҳокимига оилавий болалар уйи ташкил этиш таклифини ҳокимнинг тегишли қарори лойиҳаси билан бирга ва барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда киритади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг оилавий болалар уйи ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кунидан бошлаб 5 кун мобайнида эр-хотинга етказилади.

  1. Туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига мувофиқ оилавий болалар уйини ташкил қилиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш, шу жумладан оилавий болалар уйи уставини тасдиқлаш, оилавий болалар уйи раҳбарини тайинлаш васийлик ва ҳомийлик органига юкланади. Оилавий болалар уйига раҳбарлик қилиш функцияси эр-хотиндан бирининг зиммасига юкланади.

Оилавий болалар уйи ташкил этиш учун хизмат турар жойи ажратиш тегишли уй-жой фонди мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Болалар оилавий болалар уйига туман (шаҳар) ҳокимининг қарори ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг тегишли йўлланмаси асосида берилади.

Болаларни оилавий болалар уйига бериш учун танлаб олиш эр-хотин томонидан васийлик ва ҳомийлик органлари билан биргаликда амалга оширилади.

Эр-хотиннинг болани тарбиялашга бериш тўғрисидаги илтимос билан бола яшаётган (жойлашган) жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига қилган мурожаатномаси туман (шаҳар) ҳокимининг қарор қабул қилиши учун асос ҳисобланади.

Мурожаатномага туман (шаҳар) ҳокимининг оилавий болалар уйи ташкил этиш тўғрисидаги қарори нусхаси илова қилинади.

Тарбия ва тиббиёт, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидан ёки уларнинг идоравий мансублигидан ва ташкилий шаклидан қатъи назар, бошқа шунга ўхшаш муассасалардан болани танлаб олишда ушбу муассасаларнинг маъмурияти болани оилавий болалар уйига тарбиялаш учун олишни хоҳловчи эр-хотинни боланинг шахсий йиғмажилди ва унинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса билан таништириши шарт.

Муассаса маъмурияти бола тўғрисида тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун ота-онасининг қаровисиз қолган туғилганидан бошлаб ўн саккиз ёшгача бўлган болалар берилади.

Болани оилавий болалар уйига тарбиялаш учун беришда васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларига амал қилади.

Болани оилавий болалар уйига тарбиялаш учун бериш унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда (10 ёшдан бошлаб — фақат унинг розилиги билан) ҳамда бола яшаётган тарбия ёки тиббиёт, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаси ёки бошқа шунга ўхшаш муассаса маъмурияти розилиги билан амалга оширилади.

Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун камида беш нафар, лекин кўпи билан ўн нафар бола берилади. Бунда янгидан ташкил этилган оилавий болалар уйига бир йўла камида беш нафар бола берилади. Қолган болалар уларнинг танлаб олинишига қараб берилиши мумкин.

Оилавий болалар уйидаги болаларнинг, шу жумладан никоҳдан ўтган эр-хотиннинг қарамоғидаги ўзининг ва фарзандликка олган болаларининг умумий сони ўн икки нафардан ошмаслиги керак.

Оилавий болалар уйидан болаларнинг 18 ёшга тўлиши ёхуд бошқа сабаблар бўйича кетишига қараб унга янги болалар олиниши мумкин.

Агар тарбияловчи ота-оналар ёхуд улардан биттаси 55 ёшга тўлса, шунингдек бу — бола манфаатига зид бўлса, у ҳолда оилавий болалар уйига янги болалар олишга йўл қўйилмайди.

Тарбияловчи ота-оналар ёхуд улардан биттаси 55 ёшга тўлса, оилавий болалар уйи ўз фаолиятини тарбияланувчи болалар ўн саккиз ёшга тўлгунгача ёхуд улар бошқа сабабларга кўра кетгунгача амалга оширади.

Ўзаро қариндош бўлган болалар, қоидага кўра битта оилавий болалар уйига берилади, улар тиббий кўрсаткичлар бўйича ёки бошқа сабабларга кўра бирга тарбияланиши мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.

Оилавий болалар уйига берилаётган ҳар бир болага васийлик ва ҳомийлик органлари ёки бола уларнинг қўлида бўлган тарбия, даволаш муассасаси, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаси ва бошқа шунга ўхшаш муассаса қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) туғилганлик тўғрисида гувоҳнома;

б) боланинг ривожланиши тарихидан (янги туғилган чақалоқ тарихидан) соғлиғи тўғрисида кўчирма ва психоневрологнинг хулосаси,

в) маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжат (мактаб ёшидаги болалар учун);

г) боланинг яшаш шароитларини текшириш далолатномаси;

д) ота-оналар тўғрисидаги маълумотлар (ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, суднинг ҳукми ёки қарори, касаллик, ота-оналар қидируви тўғрисида маълумотнома ва ота-оналарнинг йўқлигини ёки улар ўз болаларини тарбиялай олмаслигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар);

е) ака-укалар ва опа-сингиллар, бошқа яқин қариндошлар борлиги ва улар қаерда эканлиги тўғрисидаги маълумотнома;

ж) болага тегишли мол-мулк рўйхати ва ушбу мол-мулк сақланиши учун жавоб берадиган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

з) балоғатга етмаган бола илгари эгаллаб турган турар жойнинг унга бириктирилиши, уй-жойга ва (ёки) бошқа мол-мулкка мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжатлар;

и) алимент ундириш тўғрисида суд қарорининг нусхаси, пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар, пенсия оладиган болага пенсия гувоҳномаси, боланинг номига очилган қимматли қоғозлар, банк ҳисоб рақами мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатлар.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар бола оилавий болалар уйига қабул қилингандан кейин икки ҳафта муддатдан кечикмай бевосита тарбияловчи ота-оналарга берилади.

Боланинг оилавий болалар уйида бўлиши муддати боланинг яшаш жойи (турган жойи)даги васийлик ва ҳомийлик органи билан оилавий болалар уйи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.

Тарбияловчи ота-оналар тарбияланувчи болаларнинг қонуний вакиллари ҳисобланади, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини, шу жумладан судда, махсус ваколатларсиз ҳимоя қилади.

Тарбияловчи ота-оналар тарбияланувчи болаларга нисбатан васийлар (ҳомийлар) сифатида ҳуқуқларга эга бўладилар ва жавоб берадилар.

Тарбияловчи ота-оналар:

болани тарбиялашга;

унинг тинч-хотиржамлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишга (соғлиғи, маънавий ва жисмоний ривожланишига);

боланинг таълим олиши, шу жумладан касб-ҳунар таълими олиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга, уни мустақил ҳаётга тайёрлашга ҳамда унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга мажбурдир.

Тарбияловчи ота-оналарнинг ҳуқуқлари тарбияланувчи болаларнинг ҳуқуқларига зид равишда амалга оширилиши мумкин эмас.

Тарбияловчи ота-оналар болаларни тарбиялашда қонун ҳужжатларига ва халқаро нормаларга қатъий амал қиладилар.

Ўз мажбуриятларини бузишда айбдор бўлган ота-оналар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Тарбияловчи ота-оналар узоқ вақт касал бўлганда ёки улар вафот этган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан биргаликда ҳужжатларни ушбу оиланинг қўйиладиган барча талабларга жавоб берадиган бошқа аъзосига белгиланган тартибда қайта расмийлаштириш ва уни тарбияловчи ота-она деб тайинлаш ёхуд тарбияланувчи болаларни жойлаштиришниннг бошқа шаклларини белгилаш ҳуқуқига эгадир.

Оилавий болалар уйига берилган бола, агар бу боланинг (болаларнинг), нормал камол топиши, тарбияланишига зид бўлмаса, ўз ота-оналари, қариндошлари билан шахсий алоқада бўлиш ҳуқуқига эгадир. Ота-оналарнинг тарбияланувчи болалар билан алоқа қилишига тарбияловчи ота-оналарнинг розилиги билан йўл қўйилади. Низоли ҳолатларда тарбияланувчи болалар билан унинг ота-оналари, қариндошлари ва тарбияловчи ота-оналар ўртасидаги муомала тартиби васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан, бундай келишув бўлмаган тақдирда – суд томонидан ҳал этилади.

Оилавий болалар уйига берилган болани фарзандликка олиш ёки уни ўз ота-оналарига ёхуд қариндошларига қайтариш ҳокимнинг қарори билан амалга оширилади.

Оилавий болалар уйига берилган бола ўзига берилиши керак бўлган алиментга, ижтимоий нафақаларга, пенсияга (боқувчисини йўқотгандаги ҳолат, ногиронлик бўйича) ва қонун ҳужжатларида ота-оналарнинг ҳомийлигисиз қолган болалар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларга бўлган ҳуқуқни ўзида сақлаб қолади.

Тарбияловчи ота-оналарнинг болага тегишли бўлган юқорида айтиб ўтилган маблағлардан фойдаланиши тақиқланади.

Тарбияловчи ота-оналар тарбияланувчи болаларнинг мол-мулки (шу жумладан уй-жойи) жойлашган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органлари билан биргаликда мол-мулкдан фойдаланиши ва сақланиши устидан назорат қилинишини таъминлайдилар.

Болаларни оилавий болалар уйига жойлаштириш тарбияловчи ота-оналар билан тарбияланувчи болалар ўртасида алимент билан боғлиқ ва оила тўғрисидаги қонунларда назарда тутилган мерос билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар келиб чиқишига олиб келмайди.

Тарбияланувчи болаларга тиббий хизмат кўрсатиш оилавий болалар уйи жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасасининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланади.

Тарбияланувчи болалар таълим муассасаларида умумий асосда ўқийдилар.

Васийлик ва ҳомийлик органлари оилавий болалар уйига тарбиялаш учун берилган боланинг тинч-хотиржамлиги, соғлиғи (соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда) ва камол топиши, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини ҳар ойда назорат қиладилар.

Оилавий болалар уйи таъминоти ва уни моддий-техник таъминлаш давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар, ҳам Ўзбекистон Республикаси резидентлари, ҳам норезидентлари бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига амалга оширилади.

Оилавий болалар уйининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш халқ таълими муассасаларини молиялаштириш тегишли бўлимлари томонидан шартнома асосида бепул амалга оширилади.

Оилавий болалар уйи давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин ҳудудий молия органлари оилавий болалар уйининг штат жадвалини ва харажатлар сметасини рўйхатдан ўтказади.

Ҳар бир тарбияланувчи боланинг таъминоти учун «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари учун тасдиқланган нормативларга мувофиқ ҳар ойда оилавий болалар уйига:

озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзал, юмшоқ жиҳозлар, хўжалик юритишга, шахсий гигиенага, ўйинга мўлжалланган буюмлар, ўйинчоқлар, китоблар сотиб олишга;

соғломлаштириш, таълим ва маданий-оммавий тадбирларга пул маблағлари тўланади.

Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун бир йилга ва ундан кўп вақтга берилаётган болага мебель ва зарур жиҳозлар сотиб олиш учун маблағлар ажратилади.

Оилавий болалар уйлари харажатлари сметаларида коммунал хизматларга (табиий газ, иссиқ сув, совуқ сув, канализация ва фойдаланиш харажатлари учун), электр энергиясига ҳақ тўлашга бюджет маблағлари назарда тутилади, оилавий болалар уйларининг бошқа харажатлари эса (жорий ва мукаммал таъмирлаш) бюджетдан ташқари маблағларни ва бошқа маблағларни жалб этиш ҳисобига амалга оширилади.

Оилавий болалар уйи муассасаларнинг ушбу тоифаси учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.

Бюджетнинг ғазна ижросига ўтмаган минтақаларда оилавий болалар уйи таъминотига ажратиладиган пул маблағлари ҳар ойда белгиланган муддатларда унинг банк ҳисоб рақамларига ўтказилади.

Ғазна ижросига ўтган минтақаларда оилавий болалар уйлари харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириш учун белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида Ғазначилик бўлинмаларида ғазна ҳисоб рақамлари очилади.

Бюджетдан ташқари маблағларни ўтказиш учун оилавий болалар уйлари алоҳида банк ҳисоб рақамлари очишга ҳақлидир.

Тарбияловчи ота-оналар меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар белгиланган тартибда давлат бюджети ҳисобига амалга оширилади.

Оилавий болалар уйининг тарбияловчи ота-оналарига меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, ҳар йилги таътиллар бериш, шунингдек «Меҳрибонлик» уйлари тарбияловчилари учун белгиланган имтиёзлар ва кафолатлар, шу жумладан моддий рағбатлантиришнинг амалдаги турлари жорий этилади.

Оилавий болалар уйи мол-мулкни ва пул маблағларини, шу жумладан ҳадя сифатида олинган мол-мулк ва пул маблағларини, хайриялар, ҳомийлик маблағлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа манбалар маблағларини ўз хоҳишига кўра фақат болаларнинг эҳтиёжлари учун тасарруф қилишга ҳақлидир.

Оилавий болалар уйи тарбияланувчи болалар учун санаторийлар, дам олиш уйлари, соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли, шу жумладан бепул йўлланмалар олиш ҳуқуқига эгадир.

Оилавий болалар уйини моддий қўллаб-қувватлаш ва тарбияланувчи болаларни мустақил ҳаётга ва меҳнатга тайёрлаш мақсадида оилавий болалар уйи васийлик ва ҳомийлик органи билан келишган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолиятни ташкил этишга ҳақлидир.