Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш котибияти, вилоят халқ таълими ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида Бухоро шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шўбалари мудирлари ва бош мутахассислари, шунингдек масъул ташкилот вакиллари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар жараёнида “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низом ва “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом талабларига қатъий амал қилган ҳолда юритилиши ҳамда уларни "Mehrdaftari.uz" электрон платформа орқали рўйхатга қўшиш ва ундан чиқариш тартиблари тўғрисида тушунтириш берилди.