Бугун, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Миллий гвардия билан ҳамкорликда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказининг ёш беморлари учун байрам тадбири ташкил этилди.
Миллий гвардия алоҳида намунали кўргазмали ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда Ашула ва рақс ансамбли ҳонандалари ижросидаги машҳур композиция ва миллий куйлар, хусусан болалик, дўстлик ҳамда Ватан ҳақидаги куй-қўшиқлар болалар ва уларнинг ота-оналари, муассаса тиббиёт ходимлари учун манзур бўлди.
Болалар ва уларнинг ота-оналари Жамоат хавфсизлиги университети фахрий қоровул бўлинмасининг юришини ҳаяжон билан томоша қилишди.
Қўл жанги техникаси маҳоратини намойиш етган ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчага чинакам завқ бағишлади.
Қизиқарли ва унутилмас лаҳзалар ўғил-қизларга ҳақиқий барабанларда чалиш, от ва ёқимтой понида миниш имкониятини берди.