Исмоилова Муҳаббат ва Усмонов Азизбек тенгдош бўлиб, уларни нафақат ёшлари бирлаштиради, балки тақдири ҳам бир хил: ота-онасиз болалик.
Иккаласи ҳам Андижондаги Болалар шаҳарчасида улғайган бўлиб, улар ўн йилдан кўп вақт давомида уй-жой билан таъминланишини кутган.
Ҳозирда Муҳаббатнинг уч фарзанди бор. Бу вақт давомида у болалари билан ошхона, ҳожатхона ва ҳаммоми умумий бўлган, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган ётоқхонадаги хонани ижарага олиб яшаган.
Шунингдек, Азизбек ҳам бу каби қийин шароитда яшаб келган. У Андижоннинг бир чеккасидаги ётоқхона хонасини ижарага олган. Қаҳрамонимиз ўтган йили Андижон машинасозлик институтига ўқишга кирган ва, албатта, бу вақт давомида у ўз уйи бўлишини орзу қилган.
Куни кеча Азизбек ва Муҳаббатга янги хонадон калитлари тантанали равишда топширилди. Миллий гвардия ва маҳаллий ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Меҳрибонлик уйининг 30 ёшгача бўлган собиқ битирувчиларининг яшаш шароитларини ўрганиши ҳамда уй-жойга муҳтож, яшаш учун мўлжалланмаган, белгиланган санитария меъёрлари, ёнғин хавфсизлиги ва техник талабларга жавоб бермайдиган турар-жойларда истиқомат қилаётган ёшларни рўйхатини шакллантирилиши бу каби эзгу ишларнинг амалга ошишига сабаб бўлди .
Икки нафар қаҳрамонимизнинг ҳикояси шундай бахтли якун топди.
Дарвоқе, Болалар шаҳарчасининг собиқ битирувчилари энди Андижон вилоятидаги Саддатаги маҳалласида қўшни бўлиб истиқомат қилишади.