Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармасида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирнинг кўплаб меҳмонлари орасида Оилавий болалар уйлари фарзандлари ҳам бор эди. Бу каби маросимда ўғил-қизлар илк бор иштирок этди. Улар аскарларнинг қасамёд қабул қилишларини ғурур ва шу билан бирга, ҳаяжон билан кузатишди. Бу кун ва бу лаҳзалар ҳар бир иштирокчининг қалбига чуқур сингди. Ўғил-қизлар ўз Ватанининг фидойиси бўлиш, уни чин дилдан севиш, она юрти равнақи йўлида меҳнат қилиш, унинг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга ҳамиша шай туриш шарафли эканлигини ана шу дақиқалардан бошлаб англаб етди.