Олимпия ўйинлари чемпиони, Жаҳон чемпионати ҳамда Осиё ўйинлари кумуш медали совриндори, икки карра Осиё чемпиони ва Универсиада ғолиби Ҳасанбой Дўсматовнинг ташрифи Фарҳод Фозилович ва Дилдора Абдурашидовнанинг ўн нафар фарзанди учун кутилмаган воқеа бўлди.
Ўғил болалар - 17 ёшли Темур ва 16 ёшли Турсунбой Миллий гвардия вакили, фахрий спортчимизнинг мактабда қандай ўқиганлиги, боксга кириб келиш тарихи, рингга чиққанида қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечиргани билан қизиқишди.
Ўтган йилнинг октабрь ойида фаолияти йўлга қўйилган мазкур Оилавий болалар уйи фарзандларининг ҳаётида спортнинг ўрни катта: етти ёшли Баҳора ва қолган болалар ҳам спортга иштиёқманд. Қолаверса, Фарҳод Фозилович ва Дилдора Абдурашидовнанинг уч нафар фарзанди Андижон болалар шаҳарчасининг етти нафар собиқ тарбияланувчилари хонадонларига ташриф буюришганидан хурсанд бўлишди: улар билан бирга ўйнайдиган, спорт билан шуғулланадиган шериклар топилган эди.
Тўнғич фарзанд, 22 ёшли Бегойим Андижон тиббиёт институтида таҳсил олмоқда. Шунингдек, бўлғуси шифокор сифатида ака-ука ва опа-сингилларини жисмоний тарбия ва спортга қизиқтириб келмоқда.