Азиза Райимова ҳамда унинг сингиллари ёшлик йилларини Бухоро шаҳридаги 32-сонли Меҳрибонлик уйида ўтказди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қароридан сўнг, унинг йиллар давомида ушалмаган орзуси рўёбга чиқди, эндиликда у ўз ота-онасига эга бўлиш бахтига муяссар бўлди. Очиловлар оиласида у яхши таълим-тарбия олиб, давлатимизнинг юксак эътиборини доимо ҳис қилиб яшади ва келгусида Ватанимиз ривожи йўлида ўз ҳиссасини қўшиш ҳаракатида.
Азизанинг яна бир орзуси эса, барча қизлар каби оқ либосда бахт остонаси сари қадам ташлаш эди. Куни кеча Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси масъуллари бошчилигида Азизанинг никоҳ тўйи тантанали равишда ўтказилди.
Тадбирда сўз олганлар уларга бахт-саодат, узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилади.
Тадбирга меҳмон сифатида ташриф буюрган Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари-оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Феруза Ибрагимова ёш келин-куёвларга ўзининг эзгу ва самимий тилакларини билдирди.
Мазкур маросимга вилоятдаги барча Оилавий болалар уйи раҳбарлари ҳамда собиқ Меҳрибонлик уйи директорининг ташриф буюрганлиги, уларнинг бир-бирига бўлган ҳурмат-иззати уларнинг аҳиллигидан далолат беради, албатта.