Болаларнинг барчаси қобилиятли эканлигига 22-сонли Тошкент “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари дам олаётган “Меҳрибон” соғломлаштириш оромгоҳи тарбиячилари амин бўлдилар. Куни кеча ушбу оромгоҳда “Янги усулдаги эски эртаклар” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Танловга болажонлар катта иштиёқ билан тайёргарлик кўрдилар. Болажонлар учун энг қизиқарли ва қийин жараён эртак танлаш бўлди. Ҳар бир иштирокчи ўзи таклиф қилган эртакни саҳналаштириш учун астойдил ҳаракат қилди. Кимдир қуръа ташлаш усули билан эртак танлаймиз деса, яна кимдир тарбиячилардан маслаҳат олишни таклиф қилди. Тайёргарликнинг қолган қисми кўтаринки кайфиятда ўтди. Болалар ўзларининг “эски янги эртаклари”ни саҳналаштириш учун сценарий ёздилар, ролларни бўлиб олдилар, саҳна кўриниши учун костюмлар ўйлаб топдилар ва жуда кўп репетиция қилдилар.
Тўғри, танлов куни болалар анча ҳаяжонландилар, аммо кузатувчилар ва қўллаб-қувватловчиларнинг олқишлари уларга далда бўлди.
Кўрик-танлов жуда ажойиб тарзда бўлиб ўтди.
Томошабинларга ҳаммага маълум, эски эртакларнинг янги якунини кўриш қизиқ бўлди. Энг аосийси, болажонлар табиатан иқтидорли эканликларини яна бир бор исботладилар. Шунчаки улардаги иқтидорни вақтида англаш ва ривожлантириш зарур.