Янги йил- болажонлар сабрсизлик билан кутадиган энг ажойиб оилавий байрам ҳисобланади. Болалар учун янги йилнинг келиши ҳақиқий мўъжиза ва эртакдир. Ўрни келса янги йил байрамини интиқлик ва улкан қувонч билан кутаётган болажонларнинг завқига шерик бўлиб, катталар ҳам байрам арафасида мўъжиза кута бошлайди. Шу кунларда республикамиз бўйлаб кўплаб қоракўзлар сеҳрли байрамни ва албатта, ўзлари йил давомида орзу қилиб, қорбобога йўллаган мактубидаги совғани интиқлик билан кутишмоқда.
Байрам арафасида болажонларга хушкайфият улашиб, уларни яқинлашиб келаётган Янги йил билан табриклаш мақсадида Миллий гвардия Бухоро вилояти Чавандозлар мактаби раҳбарияти Пешку туманида истиқомат қилувчи Сатторовлар ҳамда Абдуллаевлар хонадонига ташриф буюрди.
Ташриф давомида ҳар бир боланинг ёши ва қизиқишлари инобатга олинган ҳолда танланган янги йил совғалари улашилди.
Шу билан бирга, узоқ кутилган байрам совғаларидан ташқари болажонларга самимият ва эзгу тилаклар жам бўлган табрик сўзлари ҳам айтилди.