Маърифатпарвар бобомиз Абдулло Авлоний: “Тарбия биз учун ё ҳаёт- ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат масаласидир”-дея таъкидлаб, ёшлар тарбиясига алохида эътибор қаратган. Бола тарбияси барча даврларда муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Чунки, болаларни тарбиялаш орқали, биз келажагимизни, эртанги кунимизни тарбиялаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил август ойидаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг ижроси юзасидан изчил ислоҳатлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бугун Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги “Бирлик” маҳалласи Ю.Ражабий кўчасида яшовчи Атабаев Баҳромжон ва Хаджибаева Дилфузахонлар ўзларининг 3та ўғил, 1 нафар қиз фарзанди бўлишига қарамасдан, Хўжайли туманида жойлашган 1 – сон Мехрибонлик уйидан 5 нафар ўғил фарзандни ўз тарбиясига олиб, хонадонида “Оилавий Болалар уйи”ни ташкил этди.
Мазкур 1 – сон Оилавий Болалар уйининг очилиш маросимига Қорақалпоғистон Республикаси буйича Миллий гвардия бошкармаси бошлиғи полковник М.Юсупов, Беруний тумани ҳокими О.Сапарбоев, Мехрибонлик уйи директори С.Сон, сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи сўзга чиқиб, хонадон эгаларини бошлаган эзгу ишлари билан табриклаб, илиқ тилакларини билдириб, Миллий гвардия номидан ташаккурнома ва совғаларни топширди.
Шундан сўнг, туман ҳокими О.Сапарбоев сўзга чиқиб, Беруний туманида илк бора “Оилавий Болалар уйи” ташкил этилганлигини таъкидлаб, бундан олдин патронаж тарзида болажонларни тегишли идоралар билан ҳамкорликда оила тарбиясига берганлиги ҳакида айтиб ўтиб, хонадонга совғаларни топширди.
Ўз навбатида, Мехрибонлик уйи директори С.Сон болажонларга яратилаётган имкониятлар ва ғамхўрлик учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
Шу билан бирга, ҳомийлар томонидан хонадонга спорт инвентарлари, компьютер, телевизор, китоблар тўплами совға қилинди.
Тадбир давомида тантанали тарзда лента кесилиб, меҳмонлар хонадоннинг томорқа ер майдонига болажонлар билан биргаликда, “Яшил макон” шиори остида кўчатлар экишди.
Бундан сўнг, тадбир иштирокчилари Б.Атабаевлар хонадонига ташриф буюриб, яратилган шароитлар билан танишди ва болажонлар билан бир пиёла чой устида суҳбат қуришди.