Пойтахтимизнинг Учтепа туманида жойлашган "Оилавий" турар-жой комплексида истиқомат қилувчи болалар ва 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг Миллий гвардия тасарруфидаги ҳарбий қисмга саёҳати ташкил этилди.
Тадбир давомида болаларга ҳарбий хизмат, жисмоний ва жанговар тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумотлар берилиб, меҳмонлар учун камондан ўқ отиш ва отда юриш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Шундан сўнг, ҳарбий қисм меҳмонларига ҳарбий техникалар кўргазмаси намойиш этилиб, фаол қатнашган ёшларга мотоциклларга миниш имкони берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбир
иштирокчиларида бир олам таассурот қолдирди. Бундан ташқари кинологлар буйруқларини итоаткорлик билан бажараётган хизмат итлари болажонларнинг олқишларига сазовор бўлди.
Учтепа тумани "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган очиқ эшиклар кунидан эсдалик сифатида болажонларда нафақат ёрқин хотиралар балки, Ватан ҳимоячилари билан биргаликда тушилган фотосуратлар ҳам қолди.