Оқдарё тумани 45-умумтаълим мактаби ҳамда Самарқанд шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг “Жасорат синфи” ўқувчилари иштирокида “Биз ёшлар гиёҳвандликка қаршимиз” мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилди.
Тадбирлар давомида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва бошқа зарарли одатларнинг инсон саломатлиги, руҳий ҳолати, келажаги ҳамда жамият тараққиётига етказадиган салбий оқибатлари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди. Шунингдек, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спорт ва маънавий-маърифий машғулотларнинг аҳамияти, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давра суҳбатлари очиқ ва самимий мулоқот шаклида ўтиб, ўқувчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Тадбирлар ёшлар онгида соғлом ҳаёт тарзига интилиш, ўз келажаги учун масъулият ҳиссини кучайтириш ҳамда зарарли иллатларга қарши мустаҳкам иммунитет шакллантиришга хизмат қилди.