Бухоро вилоятидаги "Оилавий болалар уйи"нинг ижодда, ўқишда, спортда ўзини намоён этган 20 нафар фарзандлари учун Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси асосида Вобкент тумани "Порлоқ келажак" болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олиш учун йўлланмалар тақдим этилди.
Бу ерда болажонлар очиқ ҳавода ҳордиқ чиқаришиб, интеллектуал беллашувларда қатнашмоқда.
Дам олиш давомида кимдир от минишни, кимдир велосипед бошқаришни ҳамда турфа гуллардан гулчамбарлар ясашни ўрганмоқдалар.
Эътироф этиш жоизки, оромгоҳда ёшлар ўзлари ёқтирган машғулотлар билан шуғулланиш имконига эга бўлиб, ўз қўллари билан ажойиб заргарлик буюмларини яратиш, ўқиш, чизиш, шеър ёзиш ёки қўшиқ куйлаш уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга хизмат қилаётир.
Шу билан бирга, оромгоҳда ёшлар учун турли маънавий-маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ташкил этилиб, уларнинг мароқли дам олишлари таъминланмоқда.