Саломатликни ҳеч қачон моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб олиб бўлмайди. Инсон соғлом бўлгандагина бахтли яшаши мумкин. Саломатликни мустаҳкамлаш сирларини чуқур билиш ва саломатликни асрашнинг ягона йўли – соғлом турмуш тарзи эканлигини болажонларимизга ёшлигидан тушунтириш эса ҳар биримизнинг бурчимиз.
Айни шу сабабдан, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоятдаги Оилавий болалар уйи фарзандларининг соғлиғини муҳофаза қилиш, касалликларни барвақт олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзига риоя этишда тўғри тавсиялар бериш мақсадида вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Тиббий кўрикка марказнинг терапевт, хирург, педиатр, окулист, лор, травматолог (ортопед), невропатолог, стоматолог каби малакали шифокор мутахассислари жалб этилган бўлиб, жами 43 нафар болажонлар учун тегишли текширувлар амалга оширилди. Текширув натижаларига кўра, маслаҳатлар берилиб, шикоят билан мурожаат этган беморларга бўлса, зудлик билан даволаш чоралари кўрилди.
Шу билан бирга, тиббий кўрик давомида уларга соғлом турмуш тарзини шакллантиришда доимий жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, санитария ва гигиена талабларига риоя этиш, тўғри овқатланиш рационига амал қилиш борасида тегишли тавсиялар берилди.