Бухорода “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида хотин-қизлар ўртасида веломарафон бўлиб ўтди. Унда Миллий гвардия аёл ҳарбий хизматчилари, Оилавий болалар уйи фарзандлари ва уларнинг оналари иштирок этди.
Марафон аввалида сўз олганлар жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқаро биринчи навбатда ўзи ва оиласи учун соғлом муҳит яратишини алоҳида таъкидлашди.
Мазкур спорт тадбирида шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган икки мингга яқин шижоатли ва фаол хотин-қизлар Бухоро халқаро аэропортидан Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳигача бўлган масофани босиб ўтишди.
Якунда финишга биринчи бўлиб келган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Аҳолининг талаб ва хоҳишларига биноан бу каби спорт тадбирлари Бухоронинг барча туманларида ўтказилиши режалаштирилмоқда.