Тошкент шаҳрида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда оилавий болалар ва меҳрибонлик уйларини ҳамда SOS Ўзбекистон Болалар Маҳаллалари уюшмасини куз-қиш мавсумига тайёрлашга киришди.
30-сонли Меҳрибонлик уйида ёнғин хавфсизлик хизмати мутахассислари томонидан ёнғин сабаблари бўйича тадбир ўтказилди. Болаларга ёнғинни ўчириш учун махсус ускуналар ва жиҳозлар кўрсатилди, шу билан бирга муассасада мавжуд бўлган асосий воситалардан – ўт ўчиргич ва қумдан қандай фойдаланиш кераклиги тушунтирилди. Шунингдек, хонада тутун пайдо бўлганда қандай ҳаракат қилиш кераклиги, нима учун дарҳол 101 рақамига қўнғироқ қилиш жуда муҳимлиги тушунтирилди.
Болалар билан суҳбатдан ташқари, муассаса ходимлари ҳамда оилавий болалар уйлари ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ишчи гуруҳлар электр ва газ таъминоти тизимларининг ҳолатини, иситиш ускуналарини, ёнғин хавфсизлиги бурчакларини текширишга катта эътибор беришди.