Сўнгги йилларда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат ва Жиноят кодекси ҳамда бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.
Шу маънода, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси, сенатор A.Xusenova, Бухоро вилояти ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири M.Yarashov ҳамда Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари J.Bozorov, шунингдек, Оилавий болалар уйи ота-оналари иштирокида Пешку туманида аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Йиғилишда сўз олганлар томонидан болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида атрофлича маълумотлар берилди.