Фарғона шаҳрида яшовчи Мухтабар она 1-сонли Меҳрибонлик уйида яшовчи икки нафар набирасини ўз васийлигига олди. Онахон ўз қарорини неваралари давлат муассасасида тарбияланаётганини билиб, хотиржам яшай олмаслиги билан изоҳлади ва ёши унга тўсқинлик қилмаслигини мамнуният билан билдирди.
Куни кеча Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича ҳарбий хизматчилари томонидан Мухтабар онанинг набиралари Самиржон ва Адизжонга қишки кийим-кечак ва иситиш мосламаси совға қилинди. Бувижон ва набиралар кўрсатилаётган ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдириб, ҳарбий хизматчиларнинг ишларига муваффақият, оилаларига фаровонлик тилади.