Қадим замонлардан ўғил болаларга қирқ ҳунар ўргатилган. Ҳозирги давр ёшлари отни эгарлаб, қилич билан жанг қилишлари шарт эмас. Бироқ, бир нечта ҳунарга эга бўлган ва шу билан бирга, яхши таълим олган ёшлар келажакда кўп нарсаларга қизиқмаган тенгдошларига қараганда катта муваффақиятларга эришадилар. Шу боис, катталарнинг ҳам вазифаси уларга имкон қадар кўпроқ ўргатиш ва ўрганишга бўлган хоҳишларини қўллаб-қувватлашдир.
Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари новвойликни ўрганиш таклифини билдиришганида бу таклиф сўзсиз қўллаб-қувватланди. Бугун 1-гуруҳ йигитлари хамир қориб, тандирни қиздиришни ўрганишди ва мазали кулчалар билан ўртоқларини меҳмон қилишди.