Ҳасан ва Хусан Охуновлар Фарғона шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида улғайган. 2020 йилда 18 ёшга тўлган ушбу эгизакларга яшаш учун умуман шароити бўлмаган ётоқхонанинг бир хонаси ажратилган.
Жорий йил бошида Миллий гвардия ва ҳокимият вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан 30 ёшгача бўлган Меҳрибонлик уйи собиқ битирувчиларининг турмуш шароитини ўрганиш жараёнида ака-укалар ҳам яшаш шароитини яхшилашга муҳтожлар рўйхатига киритилди.
Ҳамкорликда амалга оширилган ишлар самарасида куни кеча Фарғона шаҳридаги «Юлдуз» маҳалла фуқаролар йиғинидан Ҳасан ва Хусанларга барча шароитга эга янги хонадон калитлари топширилди. Ака-ука давлат томонидан кўрсатилаётган бу каби ғамхўрликдан мамнун.
Шунингдек, уч нафар фарзанднинг онаси 27 ёшли Наргиза Абдураҳмонова ҳам Қўқон шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйи 21 ёшли Одарка Эрмакова Фарғона шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи битирувчилари ҳисобланади.
Улар йиллар давомида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар қатори уй-жой билан таъминланишларини кутишган.
Наргиза 12 йил давомида ётоқхонада яшаган ва бу вақт ичида у турмушга чиқиб, уч нафар фарзанд кўрган. Ҳаммоми, ҳожатхонаси ва ошхонаси умумий бўлган, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган ётоқхонанинг бир хонасида беш киши яшашган.
Миллий гвардия ва ҳокимият вакиллари томонидан ўрганилиб рўйхатга киритилгандан сўнг, Наргизада ҳам умид учқунлари пайдо бўла бошлаган бўлса бугун, Қўқон шаҳридаги «Мустақиллик» МФЙда ўзи ва фарзандлари учун барча шароит яратилган хонадоннинг бахтли эгасига айланди.
Одарка Эрмакова эса 18 ёшга тўлгандан сўнг, акасиникида (давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учун ажратилган хонадонда ) қўним топган. Аммо ўз оиласи ва уйи бўлиш орзу истаги билан ўтган йили чет элга пул ишлаб топиш учун кетади бироқ, қўлида ҳунари бўлмаган одамга ҳар жойда қийинчилик туғдирадиган тақдир уни Ватанига қайтишга мажбур қилади.
Куни кеча қаҳрамонимизга ҳам Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг биридан янги хонадон калити топширилди. Ўз хонадонига қадам қўйган Одарканинг хурсандчилигини тарифлашга тил ожиз.