Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг янги тизими йўлга қўйилганидан сўнг, юртдошларимиз хайрли ишга қўл уриб Меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари, гўдаклар уйлари тарбияланувчиларини ўз оиласи бағрига қабул қилишди. Бунинг самараси ўлароқ, ҳозирда 138 та Оилавий болалар уйида 841 нафар бола меҳр-муҳаббат ила оила муҳитида тарбияланмоқда. Шунингдек, 574 нафар болалар оила шароитида вояга етмоқда. Бугунги кунга қадар эса 21 та таълим муассасаси эшиклари ёпилди.
Барчани қизиқтирган савол: Қайси Меҳрибонлик уйлари ёпилди ва қаерда?
Жами 13 та Меҳрибонлик уйи фаолияти якунланди: Навоий вилояти Навоий шаҳрида; Наманган вилояти Наманган шаҳрида; Фарғона вилоятидаги 12-сонли (Қўқон) ва 1-сонли (Марғилон), Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида, Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида, Қашқадарё вилояти Қамаши туманида, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида, Жиззах вилояти Жиззах шаҳрида, Тошкент шаҳридаги 23 ва 21-сонли ҳамда Тошкент вилояти Бўка туманида.
Бундан ташқари, Навоий вилоятидаги Томди туманида, Хоразм вилояти Хива шаҳрида, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида ҳамда Андижон вилояти Андижон шаҳрида жами 4 та болалар шаҳарчаси ёпилди.
Гулистон, Фарғона, Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги 4 та гўдаклар уйи ("Болалар уйи") фаолияти якунланди.
Бугунги кунда республикада учта Меҳрибонлик уйи ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Тошкент шаҳридаги 22 ва 30-сонли ҳамда Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйларида 275 нафар тарбияланувчилар ўз ота-онасини кутмоқда.