Бухоро вилояти Пешку туманидаги Оилавий болалар уйи фаолиятини йўлга қўйган ва беш нафар қизни ўз тарбиясига олган Абдуллаевлар оиласи болажонларда меҳр-муҳаббат туйғусини шакллантиришни энг муҳим вазифалардан бири деб ҳисоблайди.
Шу боис, Уйғун Ахтамович ва Барногул Шомуродовналар ўзлари намуна бўлган ҳолда, болаларга тенг даражада эътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатишади. Бу оилада барча уй юмушлари болалар ўртасида тенг тақсимланган. Улар байрам ёки маросимларга ҳам оилавий тайёргарлик кўришади.
Хусусан, куни кеча Халқаро оила кунини қандай нишонлашни биргаликда режалаштиришди. Келишилган ҳолда мазали таомлар тайёрлаб, табиат қўйнига саёҳат қилишга қарор қилишди.
Саёҳат манзили Навоий вилоятининг Нурота тумани бўлди. Оила аъзолари сўлим тоғ манзаралари бағрида дилдан суҳбатлашиб, диққатга сазовор бўлган жойлардан завқланишди.
Мазкур саёҳатдан болажонлар маънавий ҳордиқ чиқариб, оила муқаддас даргоҳ эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилишди.