Кўрик-танлов ташкилотчилари - Миллий гвардия Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва Хива шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида бўлиб ўтди. Хива шаҳридаги Оилавий болалар уйларида яшовчи етти нафар қиз миллий ва қўҳна Хиванинг ўзига хос миллий қадриятлари, урф-одатлари, таомлари, куй-қўшиқлари борасидаги билимларини назарий ва амалий намойиш этишди. Танлов шартларига кўра, улар биринчи босқичда ўзларини таништирдилар. Иккинчи босқич шартлардан бири бўлган миллий либослар танлови ҳам ҳакамлар ҳайъати ва йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчиларнинг ўзлари, айниқса, “Олимлар танлови” шартига жуда қизиқдилар. Бу шартда, улар ўзларининг билимдонлиги, хорижий тилларни билиши, аниқ фанлар ва табиий фанларни билиш қобилиятини намоён этди. Охирги босқичда иштирокчилар ўзларини ижодий намоён этиш имкониятига эга бўлдилар.
Мусобақа натижаларига кўра ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўтказилган тадбирдан кўзланган мақсад қизларни миллий қадриятларимиз асосида мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларда ўзига бўлган ишонч, яширин қобилиятларини юзага чиқариш, соғлом рақобат муҳитида мулоқот кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.