Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи Оилавий болалар уйи фарзандларининг дам олиш кунини мароқли ва мазмунли ташкил этиш мақсадида Миллий гвардия Хотин-қизлар жамоатчилик Кенгаши томонидан Зомин туманидаги «Юлдузча» болалар дам олиш оромгоҳига саёҳат ташкил этилди.
Бир кунлик саёҳат давомида 26 нафар ўғил-қизлар спортнинг футбол,бадминтон, камондан отиш ва шахмат-шашка турлари бўйича мусобақаларда иштирок этиб, имкониятларини синовдан ўтказишди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида болажонлар санъат йўналишида ҳам ўз маҳоратларини намойиш этиб, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Ёшлар томонида куйланган Ватан, она ҳамда меҳр ҳақидаги қўшиқлар, ифодали ўқилган шеърлар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан куйланган жонли ижродаги тароналар ёшларга маҳорат мактаби вазифасини ўтади десак адашмаган бўламиз.
Шундан сўнг байрамона дастурхон ёзилиб, барча тадбир иштирокчилари биргаликда тановул қилишди.
Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан болажонларга эсдалик совғалари топширилди.
Ёшларнинг бахтдан порлаган кўзидан, шодон кулгуларидан уларга бугунги кун жуда манзур бўлганлиги маълум эди.