Пойтахтимиздаги 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари таътил кунларида «Гулбаҳор» болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олмоқда. Болажонларнинг бўш вақтлари деярли бўлмайди: қизиқарли ўйинлар, танловлар ва мусобақаларда иштирок этишади, табиат бағрига саёҳат қилишади.
Болаларнинг севимли масканларидан бири бу Алишер Навоий номидаги кино саройидир. Бу ерда улар янги ва энг қизиқарли фильмларни томоша қилишлари мумкин. Фильмдан сўнг ўғил-қизлар воқеликни, бош қаҳрамонлар тақдирини ва актёрларнинг ижро маҳоратини муҳокама қилишади. Бу орқали эса болаларда фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятлари шаклланади.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Цингапур менежментни ривожлантириш институтига бўлган экскурция унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Тарбияланувчиларни институт ректори Илҳом Маматқулов кутиб олди. Тадбир давомида ёшларга институт фаолияти, ҳамкор ташкилотлар, таълим йўналишлари ва битирувчилар, талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берди.
Хайрлашув чоғида у болаларга мароқли ҳордиқ чиқаришларини тилаб, институтга ташриф буюрган ёшларни талабалар орасида кўришга умид билдирди.