"Янги йил" байрами муносабати билан Тошкент шаҳрида жойлашган меҳрибонлик муассасалари тарбияланувчилари учун Миллий гвардия Болалар психологияси Маркази мутахассис психологлари томонидан бир қатор байрамона дастурлар ташкил этилди.
Барча бирдек интиқиб кутадиган Янги йил байрами яқинлашмоқда. Миллий гвардия қошидаги Болалар психологияси Маркази мутахассис психологлари ҳам меҳрибонлик муассасалари тарбияланувчилари учун қизиқарли байрам томошаларини ўтказди.
Пойтахтимиздаги 30-сонли “Меҳрибонлик” уйида бу галги Янги йил байрамига тайёргарлик ҳар доимгидан ҳам қизиқарли бўлди, турли машғулотлар бўлса, нафақат тарбияланувчиларни, балки тарбиячи ва ходимларни ҳам жалб қилди.
Дастлаб тарбияланувчилар байрамга бир оила бўлиб тайёргарлик кўриш завқини ҳис қилиш мақсадида занжабилли пишириқлар юзини безадилар, турли салат ва бошқа осон тайёрланадиган таомларни ҳам пиширишди, янги йил арчаси безакларини ясашди, чизишди, безашди ва ушбу машғулотлар аслида адаптация тренинги эканини сезмадилар ҳам.
Шунингдек, болалар психологлар билан биргаликда ҳайкалтарошлик, чизиш ва кесишда, бундан ташқари мутахассислар уларга бошқалар билан ўзаро муносабат ва алоқа кўникмаларини, қийинчиликларни қандай енгиш ва турли вазиятлардан чиқишни ўргатди, шунингдек, болалар билан яна қандай машғулотлар ўтказиш кераклигини бўйича режа тузиб олди.
Шундан сўнг, муассасанинг юксак иқтидорли ҳамда талантга бой тарбияланувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Фахрий меҳмонлар қаторида Миллий гвардия қўмондонлиги ҳам иштирок этиб, ёшларни самимий қутлади ва бу ажойиб кун болаларга махсус тайёрланган совғалар тақдим этиш, байрам дастурхони, мусиқий кеча билан якунланди.
Шу билан бирга, психология маркази мутахассислари анъанани бироз ўзгартиришга қарор қилиб, Тошкент шаҳридаги 22-сонли “Меҳрибонлик” уйининг 150 нафар тарбияланувчиларининг барчасига совғалар улашишга ҳамда ўз устида ишлагани, ўз-ўзини ривожлантиришга интилгани учун муносиб тақдирлашди.
Байрам дастурида болаларни ёрқин гулчамбарлар, шарлар, байрамона безаклар, композициялар ва бошқа янги йил кайфиятини улашувчи буюмлар билан безатилган залга кираверишда эртак қаҳрамонлари ва акробатлар кутиб олишди. Болажонларни Тошкент давлат цирки иллюзионистлари ҳаяжонли “ҳийлалари”, “Марварид” рақс гуруҳи эса гўзал рақслари билан лол қолдирди.
Болалар психологияси маркази мутахассислари интерактив ўйинга асосланган инглиз тили дарсларини ва бирдамлик, жамоада ўйнаш, тез ўзгарувчан шароитларда ҳаракат қилиш ва қарор қабул қилиш бўйича тренинглар ўтказдилар. Хореограф рақс бўйича маҳорат дарсини ўтказди ва болалар флеш-мобда маҳорат билан рақсга тушишди.
Психологларнинг таъкидлашича, болаларни Марказга мунтазам ташриф буюришлари ва тренингларда фаол иштирок этишлари учун рағбатлантириш орқали улар ўзлари устида янада мунтазам ишлашни бошлайди.
Тадбир сўнгида, Қорбобо ва Қорқизнинг табриги ҳамда байрам совғалари болаларга чинакам хурсандчилик улашди.