Давлатимиз раҳбари топшириғи, ҳукумат қарорига кўра чин етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жойлар бериш амалиёти бошланди. Бундай тоифадаги ёшларга 18 ёшга тўлганида кўп квартирали уйлардан бир хонали, агарда оила қурган бўлса, икки хонали квартира ажратиш кўзда тутилган.
Кеча Вобкент туманида шундай ёшлардан бир нафарига янги квартира эгаси ҳақидаги ордер ва хонадон калитлари Вобкент туман ҳокими, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси масъуллари иштирокида тантанали равишда топширилди.
Вобкент туманида жойлашган янги уйлардан бирига ота-онасидан эрта маҳрум бўлган Тўраев Истам Ибодуллаевичнинг ҳам хонадони бор. Гап шундаки, унга бир хонали уйнинг калити топширилди.
— Янги йил шодиёналари арафасида ўз уйимга эга бўлганим мен учун қўшалоқ шодиёнага айланди, — дейди Истамжон. — Биз ёшларга яратилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун орзуларимизни амалга оширган Президентимизга мингдан-минг раҳмат! Бу оталарча меҳрни Ватанимизга хизматимиз билан қайтарамиз! Ўзбекона услуб ҳамда замонавий дизайн асосидаги кенг ва ёруғ хоналар менга маъқул тушди. Келгусида оила қурсам бундай шинам уйда фарзандларимни бекаму кўст улғайтириш учун барча шароитлар муҳайё.