Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги тадбирлар доирасида "Беҳбутовлар", "Очиловлар" ҳамда "Жўраевлар" оиласи фарзандлари учун "Жасорат" тарихий музейига экскурсия ташкил этилди.
Эътироф этиш жоизки, саёҳат давомида болажонлар вилоят Ички ишлар органлари тизимининг қадимги давлатчилик тарихи давридан бошлаб, бугунги кунгача босиб ўтган йўли, жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталиги йўлида хизмат қилган ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик намунасини кўрсатиб ҳалок бўлган фидойи ходимлар тўғрисидаги маълумотлар, ўтган ҳар бир даврнинг воқеа-ҳодисаларини ўзида мужассам этган кўргазмалар, жангчи, соқчи, миршаб ва милиционерлар ҳамда улар фойдаланган қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишдилар.