Ёзни мароқ билан ўтказган болажонлар ҳаяжон ва қувонч билан биринчи қўнғироқ садолари остида умумтаълим мактабларида билимлар кунини ўтказишди.
Бу дамлар, айниқса, мактаб аталмиш муқаддас даргоҳга илк бор қадам қўйган кичкинтойлар учун янада ҳаяжонли, орзиқиб кутилган ва унутилмасдир. Илк қўнғироқ садоси кўзлари чарақлаб турган биринчи синф ўқувчилари қалбида бонг уради. Энди улар ака-опаларига ўхшашга, улардек «аъло» ўқишга интилади. Пойтахтимиздаги 30-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг қалбларида ҳам анашундай ҳис-туйғулар жўш урди. Улар илк бор умумий ўрта таълим мактабларига йўл олишди. Яшнобод туманидаги 226-сонли умумий ўрта таълим мактабига қабул қилинган ўқувчилар қувончига шерик бўлдик.
«Биринчи қўнғироқ» тадбирларида ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари қатнашди. Шундан сўнг «Мустақиллик дарслари» ўтказилди. Ушбу дарсларда истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, ёшларимиз томонидан қўлга киритилган катта ғалабалар, ўқувчиларнинг фан олимпиадаларидаги муваффақиятлари сўзлаб берилди.
1-синфига қабул қилинган ўқувчиларга ўқув қуроллари, мактаб сумкаси, дарсликлар мажмуасидан иборат Президент совғаларини топширилди. Уларни болажонлар қабул қилиб оларкан, дилларида чексиз қувонч, эртанги кунга ёруғ умид ва ишонч барқ уради.