Сурхондарё вилоятида Янги йил байрами арафасида анъанавий байрам тадбири – “Президент арчаси” ташкил этилди.
Байрам тантанаси Термиз шаҳридаги «ICEBERG» кўнгилочар марказида ўтказилди. Тадбирга вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан Оилавий болалар уйлари ўғил-қизлари, Ватан ҳимоясида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари таклиф этилди.
Тадбир аввалида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов болаларни Янги йил байрами билан табриклади. Безатилган арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз ҳамда турли эртак қаҳрамонлари иштирокида театрлаштирилган томошалар болажонларга бир олам қувонч олиб келди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимлари томонидан болажонларга Президент совғалари тантанали равишда топширилди ва барча иштирокчилар байрам дастурхонига таклиф қилинди.