Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси томонидан ёшлар ўртасида турли танловлар ва спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда. Навбатдаги Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси биринчилиги спорт мусобақаси Самарқанд шаҳридаги SOS болалар маҳалласи тарбияланувчилари ўртасида ўтказилди. Мусобақада болалар спортнинг футбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби турлари бўйича ўзаро беллашишди.
Қизиқарли кечган баҳсларда болалар яна бир бор спортдаги имкониятларини синовдан ўтказишди. Футбол мусобақасида майдонга тушган Лидерлар ва Чаққонлар жамоалари ўртасида муросасиз кечган ўйин қизғин баҳсларга бой бўлди. Ўйин якунига кўра Чаққонлар жамоаси икки-ю бир ҳисобида Лидерлар жамоаси устидан ғалаба қозониб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Шашка мусобақасида иштирок этган ўйинчилар орасидан энг кучлилари сараланди. Натижалар кўра 3-ўринни Рухшона Мирзаева, 2-ўринни Шахризода Акиловалар эгаллаган бўлишса, Шахло Хажжаева 1-ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг мутлоқ ғолиби деб топилди.
Мусобақа якунига кўра ғолиб жамоалар ва спортчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.