Президентимизнинг 2024 йил 5 февралдаги 55-сон қарорига мувофиқ, Миллий гвардия зиммасига юклатилган вазифаларни самарали ташкил этиш ҳамда таълим-тарбия соҳасида муносиб иштирок этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, ўтган вақт давомида мазкур Қарор ижросини сифатли таъминлаш мақсадида Миллий гвардия, Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар билан ҳамкорликда «Оила-маҳалла-мактаб» тизими жорий этилди.
Жорий йилнинг 7 февраль куни, Давлатимиз раҳбарининг «Мактаб-оила-маҳалла» занжирини мустаҳкамлаш борасида белгилаб берган устувор вазифаларининг амалий ижроси ҳамда ҳамкорликдаги чора-тадбирлар юзасидан Миллий гвардия қўмондони ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазири бошчилигида ўтказилган танқидий йиғилишнинг давоми сифатида Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармасида вилоятда мазкур йўналишдаги ишларнинг бугунги ҳолати ишчи гуруҳ ўрганишлари асосида масъуллар иштирокида таҳлил қилинди.
Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник S.Mamayusupov ва Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари F.Boqiyevlar раҳбарлигида ўтказилган ушбу видео селектор кўринишидаги йиғилишда вилоятдаги барча туманлардан инспектор-психологлар ва мактаб директорлари, ички ишлар органлари ходимлари, Маҳалла уюшмаси вакиллари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари ҳамда Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича раҳбарияти ва ушбу йўналишга масъул бўлган офицерлар иштирок этишди.
Тадбирда умумтаълим мактабларида давоматни яхшилаш ва ўқувчиларни мактабга қайтариш борасида ўқув йили бошидан ҳозирга қадар, 877 та умумтаълим мактабларида ҳисобга олинган жами 525 095 нафар ўқувчидан 510 879 нафари дарсда иштирок этиб, давомат кўрсаткичи ўртача 97,3 фоизни ташкил этгани таъкидлаб ўтилди.
Аммо бир неча бор таъкидлаб ўтилишига қарамасдан, ҳанузгача жойларда давоматнинг ҳақиқий кўрсаткичларини электрон платформага киритмаслик ҳамда дарсга қатнашмаган ўқувчиларни баҳолаш ҳолатлари учраётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, “Хавфсиз мактаб” концепциясини жорий этиш борасида ҳозирда, мактабларда 77 615 та видеокузатув камералари ўрнатилган бўлиб, 15 776 та видеокузатув камералари тегишли Қўриқлаш бошқармаларига интеграция қилинганлиги ҳамда 100 % мактабларга «ташвиш» тугмаси ўрнатилганлиги маълум қилинди.
Бундан ташқари инспектор-психологларнинг малакасини ошириш борасидаги ишлар ҳам айтиб ўтилиб, уларнинг хизмат фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича КПИ-тизими жорий этилганлиги келтириб ўтилди.
Йиғилиш давомида сабабсиз дарс қолдирувчи ўқувчиларни аниқлаш борасидаги тафовутларга барҳам бериш, мактабларимизни жиноятдан холи хавфсиз ҳудудга айлантириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ўқувчиларимизни спортга кенг жалб этиш чораларини кўриш, ўқувчи ёшларимизнинг сифатли таълим олишларини ташкил қилиш учун мактаб маъмурияти билан бириктирилган инспектор-психологларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини йўлга қўйиш, вилоятдаги Маҳаллалар уюшмаси билан биргаликда барча МФЙ раислари иштирокида «оила-маҳалла-мактаб» занжири асосида оилалар билан манзилли ишлаш масалалари жойлантириш, Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан “Раҳбар ва ёшлар” учрашувларини ташкил этиш, уларда кам таъминланган, носоғлом оилалар, етим болалар, муаммоли оилалар фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш каби кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ижросига масъулият билан ёндашиш зарурлиги билдирилди.
Албатта ушбу вазифаларни ўз вақтида бажарилиши, эртанги кунимиз келажаги бўлган болаларимизни муносиб авлод этиб тарбиялашда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.