Президент Шавкат Мирзиёев бугунги йиғилишда таъкидлашича, мамлакатимизда ҳар бир бола тақдирига қаратилаётган эътибор туфайли охирги ярим йилда «Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчаси ва «SOS» болалар маҳаллалари уюшмаси қарамоғидаги 1 минг 619 нафар кўнгли ўксик фарзандларимиз ўз оиласи ва яқин қариндошлари тарбиясига ўтказилган.
Натижада 10 та меҳрибонлик уйи, 3 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйига эҳтиёж қолмагани учун ёпилган.
Қолган 6 та «Меҳрибонлик» ва 11 та кичик болалар уйларида 1 минг 475 та ўрин мавжуд бўлиб, бугунги кунда уларда 897 та етим болалар бор.
«Албатта, болалар уйлари ва улардаги етимлар сони камайгани, халқимизнинг юксак маънавияти, иймон-инсофи ва болажонлигини кўрсатиб турибди.
Лекин, мамлакатимизда умуман етимлар бўлмаса, янада яхши бўлар эди. Шунинг учун, имкон қадар уларни муносиб оилаларга фарзандликка беришни тезлаштириш чораларини кўриш лозим», — деди Президент.