Болалик инсон умрининг энг беғубор, орзу-умидларга тўла жўшқин ва ҳароратли дамларидир. Боланинг кулгуси, кўзларидаги қувонч бутун оламни ёритадигандек гўё. Халқимиз азалдан болажон халқ, бунга тарихимиздан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бугун ҳам юртимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар қаторида эртамиз эгалари бўлган меҳрга ташна болажонларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий камол топиши учун етарлича шарт-шароитлар яратилган. Шунинг баробарида уларнинг мароқли хордиқ чиқаришини ташкил этиш мақсадида турли кўнгилочар тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда.
Айни шундай тадбирларнинг бири, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан вилоятдаги Асатуллаевлар, Маттиевлар, Беҳбутовлар ҳамда Саидовлар оиласи фарзандлари учун ташкил этилди.
Монголия давлатидан гастроль сафари билан айни кунларда юртимизда бўлиб турган Цирк артистлари бир-биридан қизиқарли томошалари, ҳаво акробатлари, кучли паҳлавонлар, масхарабозларнинг ҳазилларга бой саҳна кўринишлари билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этиб, барчани ҳайратлантирди.
Таъкидлаш жоизки, цирк томошаси болажонларимиз учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Уларнинг хурсандчилигидан қалблар шодликка тўлди.