Жорий йилнинг 18 август куни Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан Самарқанд шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг Шаҳрисабз шаҳрига саёҳати уюштирилди.
Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Шаҳрисабз YUNESKOнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган бўлиб, бу ерда кўплаб тарихий обидалар мавжуд. Тарбияланувчилар ана шундай ўзига хос қадимги Оқсарой харобалари, Кўк гумбаз масжиди, "Дор ут-Тиловат" ёдгорлик мажмуаси билан яқиндан таништирилди.
Саёҳат давомида ёшлар мадрасалар ичидан жой олган китоблар, сопол идишлар тарихи ҳақида ҳам батафсил маълумотларга эга бўлишди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган буюк тарихимиз ва меъморий обидаларимиз билан таништириш мақсадида ташкил этилган мазкур саёҳат, уларни ёзги таътил жараёнларида бўш вақтларини мазмунли ўтказиш баробарида қўшимча билим эгаллаши учун ҳам хизмат қилди.