Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида “Адолат” СДПнинг “Ҳар бир фарзандга меҳр-эътибор” лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда турли маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар ўтказиляпти.
Хусусан, “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан партиянинг Бўка тумани Кенгаши фаоллари ҳамкорлигида Бўка туманидаги 15-сонли Меҳрибонлик уйида “Болаларга эътибор – келажакка пойдевор” мавзусида ҳайрия тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбир аввало меҳр-эътиборга муҳтож болажонларнинг кўнглини кўтариш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, яхши кайфият улашиш, шунингдек партиянинг асосий ғоя ва йўналишлари билан таништириш каби мақсадларда ташкиллаштирилди.
“Давлатимиз томонидан болажонларимизни миллий урф-одатларимиз, азалий қадриятларимиз руҳида Ватанга ва халқига содиқ, илм-маърифатли фарзандлар қилиб тарбиялаш, комил инсон бўлиб улғайишларида, мавжуд соғломлаштириш мажмуалари, ижодиёт марказлари, мактабгача таълим муассасалари, ўқув масканлари, дам олиш оромгоҳларида яратилаётган шарт-шароитларни юқори даражага етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зотан, бугуннинг боласи келажакни ақл-заковати, иқтидор ва истеъдоди билан қарши олиши учун унинг заминини бугунданоқ яратмоғимиз муҳим. Зеро, келажак ёшларнинг қўлида экан, унинг пойдеворини бугундан мустаҳкамлашга катта эътибор беришимиз лозим”, деди ўз кириш сўзида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Бобур Мамиров.
Тадбирда эл севган таниқли санъаткорлар ва вилоят маданий марказининг ёш ижодкорлари томнидан намойиш этилган бадиий чиқишлар барчага кўтаринки кайфият улашиб, айниқса ёшларда катта таассурот қолдирди. Тадбир якунида ҳомийлар томонидан болаларга байрам совғалари топширилди.
Манба: Ўзбекистон “Адолат” СДП