Наманган шаҳар Давлатобод тумани Янги Ўзбекистон боғида ўқувчи ҳамда уюшмаган ёшлар учун "Мен Ватанга таянчман" шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди. Мазкур тадбир ёшларнинг Ватанга бўлган садоқатини ошириш, ватанпарварлик руҳини юксалтириш ва ҳаракатчанлигига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилди.
Фестиваль давомида ҳарбий оркестр жамоасининг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, фахрий қоровул ҳамда Миллий гвардия ходимларнинг кўргазмали чиқишлари ёшлар қалбига олам-олам қувонч бахш этди. Шунингдек, қурол-аслаҳа ва махсус воситалар ҳақида ёшларга маълумотлар берилди.
Бу каби тадбирлар республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ташкил этилмоқда. Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманининг 31-сонли мактабида Миллий гвардия «Қўриқлаш» бошқармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар фаоллигида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Тадбир доирасида шахмат, шашка, стол тенниси, арқон тортиш ва камондан отиш каби спорт турлари бўйича беллашувлар олиб борилди. Ўқувчилар ўртасида катта қизиқиш уйғотган ушбу мусобақаларда иштирокчилар нафақат жисмоний маҳоратини, балки мантиқий тафаккури ва жамоавий бирдамлигини ҳам синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлишди.