Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳамда Қўқон шаҳар ҳокимлиги вакиллари томонидан ота-онасидан маҳрум бўлган невараларини ўз тарбиясига олган Турсуной бувининг ҳолидан хабар олинди.
Бундан аввал, 16 ёшли Фарангиз ва 14 ёшли Муҳаммадризо “Меҳр дафтари” электрон платформасига киритилган эди. Болажонлар билан бўлган суҳбат давомида улар ўз орзулари, мақсадлари ва ёзги режалари билан ўртоқлашдилар: Фарангиз ҳар хил пирог, тортлар пиширишни ўрганишни хоҳлар, Муҳаммадризо бўлса компьютер дастурлари ёрдамида табрикномалар, анимациялар ҳамда 3Д шаклида дизайнлар ясашни яхши кўрарди.
Болаларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда, уларга мини электр печь ва ноутбук совға қилинди.
Кўрсатилган эътибордан улар мамнун бўлиб, ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.