Миллий гвардия қўмондони ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги 22 ва 30-сонли, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйларидан 50 нафар тарбияланувчилар 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида бўлиб ўтган Осиё Кубоги финалига томошабинлар сифатида таклиф этилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасида мамлакатимиз учун тарихий ўйин бўлиб ўтди. Мазкур финалда ёш футболчиларимиз рақибларини 1:0 ҳисобида мағлуб этишди.
Меҳрибонлик уйлари йигитлари учун ўйинни жонли кўриш, минглаб томошабинлар қатори терма жамоамизни қўллаб қувватлаш имконияти Наврўз байрамига энг яхши совға бўлди. Айниқса, давлатимиз раҳбари футболчиларга бош соврин – Осиё Кубогини қандай тақдим этганини кўрганларида, уларнинг қалбида фахр-ифтихор туйғуси янада жўш урди.