Пойтахтимизда жойлашган 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан мунтазам равишда мустақил ҳаёт кўникмаларини ўргатишга қаратилган машғулотлар ўтказилиб келинади. Болаларга ўзини парваришлаш, кийимларни тоза ва тартибли тутиш, овқат пишириш, уйнинг тозалиги ва саранжомлигига амал қилиш ҳамда харажатлар бюджетини юритиш кўникмалари ўргатилмоқда. Бундай турдаги машғулотларни ўтказишга кўпинча турли хил ташкилот ва идоралардан мутахассислар таклиф қилинади.
Хусусан, яқинда болаларга қандолатчилик ишларини ўргатиш учун “Safia Cafe & Bakery” кондитерлик фабрикаси мутахассислари чақирилди. Мазали ширинликлар пишириш ҳамда торт ва бошқа пишириқларни безатишни хоҳловчилар кўп бўлди. Кондитер мутахассислар болаларнинг қизиқишларидан мамнунлиги ҳамда хоҳловчилар орасида кондитерлик соҳасини касб сифатида эгалловчилар чиқишидан умидвор эканлигини билдиришди.