Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишланган қатор тадбирлар давом этмоқда. Ҳусусан, Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети курсант ва ҳарбий хизматчилари Тошкентдаги 22-Меҳрибонлик уйида бўлдилар. Биз «Ватан», «ватанпарварлик» сўзларини кўп эшитамиз. Унга таъриф берарканмиз, Ватанга она сўзини қўшиб айтамиз. Бу сўзнинг мағзини чақиш, юракдан ҳис қилиш бошқа масала. Айниқса, болаликдан унинг меҳрини туйиб ўсаётган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун Ватан осойишталиги посбонлари билан учрашув ҳаётларида ёрқин саҳифага айланди. “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри” деб номланган тадбир туфайли жажжи юракларнинг ватанпарварлик куртаклари янада барқ урдирди. Чунки ҳарбий либосдаги акалар укажонлари даврасига алоҳида дастур билан келишганди. Уларнинг ҳарбийлик мақоми, эл-юрт осойишталиги, халқимиз хавфсизлиги йўлида хизмат масъулияти ҳақидаги ҳикоялари ўқувчи ёшларда янги орзуларни уйғотди. Айниқса, ҳарбийлар намойиш этган қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар, фахрий қоровулнинг саф машқлари ёшлар учун жуда мароқли бўлди. Университет ҳарбий оркестри ва ансамбли жамоаси даврага байрамона руҳ бағишлади.