Янги ўқув йили арафасида Миллий гвардия вакиллари оилавий уйларга ташриф буюриб, болаларнинг мактабга тайёрлиги ҳамда уларнинг ўқиши ва дам олиши учун яратилган шароитларни ўрганишди. Хусусан, Миллий гвардия Марказий девони Ёшлар ва болалар муассасалари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи полковник А. Пирматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳар Учтепа тумани Найман маҳалласида истиқомат қилувчи 7 та оилавий уйларга ташриф буюришди.
Ота-оналар ва болалар билан учрашувда барча керакли буюмлар, мактаб учун усти-бош ва оёқ кийимлар ҳамда куз мавсуми учун спорт формаси, компьютерлар ва интернетга кириш учун шароитлар мавжудлиги кўздан кечирилди. Биринчи синфга борадиган болаларга алоҳида эътибор қаратилиб, тарбияланувчиларнинг ахлоқий ва руҳий ҳолати, уйдаги вазият, ёзги таътилни қандай ўтказганлиги, ўқув йилига тайёргарлиги борасида суҳбатлар олиб борилди.
Маъсуллар ташриф давомида тиббий кўрикларнинг ўз вақтида ташкил этлаётгани ва шифокорларнинг кўрсатмаларига риоя қилиш ҳолатини ҳам ўрганишди. Бундан ташқари, ҳокимларнинг оилавий уй ташкил этиш тўғрисидаги қарорлари, фарзанд асраб олувчи ота-оналар курсларини тамомлаганлик ва малака ошириш курсларини давом эттирганлик тўғрисидаги сертификатлар каби ҳужжатлар мавжудлиги кўриб чиқилди.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир мурожаат диққат билан тингланиб, уларнинг бир қисми жойида ҳал қилинди, қолганлари бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ижроси қисқа фурсатда таъминланадиган бўлди. Ота-оналарга ўзлари қизиқтирган мавжуд масалалар бўйича керакли тушунчалар ва маслаҳатлар берилди.