Миллий гвардия Марказий девони ҳамда Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари Жўраев ва Асатуллаевлар оилавий болалар уйларида бўлиб, ушбу оилаларда болалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
Хонадон остонасидан кирибоқ, болалар ўзларининг янги оила аъзолари бўлмиш ота-оналари ва ака-сингиллари билан яқин ва самимий муносабатда эканлигини дарров сезиш мумкин. Болалар ҳотиржам ва ўзига ишонган, демак улар меҳр-муҳаббатга йўғрилган муҳитда улғаймоқда.
Меҳмонлар олиб келган ширинлик тановули ва бир пиёла чой устида болалар меҳмонларга ёзги таътил кунлари қандай завқ билан ўтаётганини, қандай машғулотлар билан бандлигини, қўшни болалар билан яқин дўст бўлиб олганликларини, ўз орзу-истаклари, қандай китобни севишлари, қайси спорт турига қизиқишларини сўзлаб бердилар. Шунингдек, болажонлар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг болаликлари қандай ўтганлиги, улар бола пайти нималарга қизиққанлиги ҳақида сўрадилар.