Жиззах вилоятида ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтириш, уларни соғлом турмуш тарзига, юртга садоқат ва бурч туйғуси асосида тарбиялаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан, Миллий гвардия Жиззах вилояти бўйича бошқармасида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида "Очиқ эшиклар куни" ташкил этилди.
Тадбир давомида ёшлар учун қурол-аслаҳа намойиши, шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган жанговар қўл жанги чиқишлари ва кўргазмали машғулотлар намойиш этилди. Бундай тадбирлар ёшларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни қонунийлик ва тартибга риоя қилишга ундашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, ёшларга Миллий гвардиянинг асосий вазифалари, ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳияти, яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Мазкур тадбир – ёшларни ҳарбий хизматга қизиқтириш, уларни юксак маънавият ва соғлом ҳаёт тарзига йўналтириш, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни ижтимоий фаолликка чорлашга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди.