Бугун Тошкент шаҳар мактабларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни муносабати билан ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, таълим-тарбия ва уларнинг келажагига масъулиятли муносабатни шакллантириш ҳамда салбий хатти-ҳаракатларининг оқибатини англаш мақсадида тадбирлар ўтказилди.
Тадбир ташкилотчилари сифатида Миллий гвардия инспектор-психологлари ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари бўлди.
Хусусан, Яшнобод туманидаги 145-сонли мактабда ўқувчиларга маъмурий ва жиноий жавобгарлик тушунчалари тушунтирилиб, қандай ҳуқуқбузарликлар жиноий жазога сабаб бўлиши ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тушунтирилди. Ички ишлар органлари ходимлари қонунни бузишнинг ҳуқуқий оқибатлари ва бу вояга етмаганлар тақдирига қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида амалиётдан мисоллар келтирдилар.
Олмазор, Юнусобод, Учтепа ва Янгиҳаёт туманларидаги мактабларда ўтказилган тадбирларга нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилди. Миллий гвардия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ёшлар орасида гиёҳвандлик ва тамаки чекиш мавзусини кўтаришди. Ўсмирлар ва ота-оналарга гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, шунингдек, электрон ва анъанавий тамаки маҳсулотлари ёш организмга зарарли таъсири ҳақида сўзлаб беришди. Ходимлар ота-оналарнинг болани тақиқланган моддалардан фойдаланишда гумон қилиниши мумкин бўлган белгилар ҳақидаги саволларига жавоб беришди.
Шайхонтоҳур туманидаги 10-сонли мактабда “Ҳуқуқ ва болалар” мавзусидаги профилактик суҳбатдан сўнг, мактаб ўқувчилари виртуал реаллик кўзойнаклари ёрдамида фазони ўрганишга бағишланган қизиқарли дарсда иштирок этишди.