Мамлакатимизда келажак авлод тарбиясига эътибор қаратилиб, уларни ватанпарварлик, она Ватанга садоқатли руҳда тарбиялаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда, меҳрибонлик уйлари Миллий гвардияга бириктирилган эди.
Бугун Нукус шаҳри “Қутли макон” маҳалласида яшовчи Қорақалпоғистон Республикаси Қўриклаш бошқармаси ходими Саламат Нийетуллаев ва турмуш ўртоғи Гулнара Ембергеноваларнинг хонадонида “Оилавий Болалар уйи” ташкил этилди. Оиланинг 2 нафар ўғил фарзанди бўлишига қарамасдан, меҳрибонлик уйининг 6 нафар тарбияланувчисини ўз бағрига олди.
Ушбу тантанали тадбирнинг очилиш маросимига Қорақалпоғистон Республикаси буйича Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи полковник М.Юсупов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши Қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Нукус шаҳар ҳокими ўринбосари Ж.Абдижамилов, Меҳрибонлик уйи директори С.Сон, Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари иштирок этишди.
“Оилавий Болалар уйи”нинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи полковник М.Юсупов сўзга чиқиб, хонадон эгалари давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳатларга муносиб ҳисса қўшаётганлигини таъкидлаб, Миллий гвардия миннатдорчилик хатини топширди.
Ундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши Қўмита раиси Д.Қурбаниязов сўзга чиқиб, тантанали тадбир билан барчани табриклади.
Меҳрибонлик уйи директори С.Сон ўз навбатида болажонларга оила бағрида улғайиши учун шароит яратишда катта ҳисса қўшганлиги учун Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига раҳматлар айтди.
Тадбир давомида анъанавий тарзда лента кесилиб, “Яшил макон” шиори остида дарахт кўчатлари экилди.
Меҳмонлар хонадонга ташриф буюриб, болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.