Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Нур” болалар оромгоҳида ёзги таътил кунларини ўтказаётган 30-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари учун мактаб ўқувчиларининг ўқув йили бошланиши олдидан, уларга турли ўйинлар орқали мактаб учун зарур бўлган ўқув қуролларини тўплаш имконини берувчи байрамона тадбир ташкил этилди. Миллий гвардия “Болалар психологияси” маркази ташаббуси билан юқори савияда уюштирилган тадбирда тарбияланувчи ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш мақсадида “Ош барча таомларга бош” ҳамда “Ёзги ярмарка” танловлари ўтказилди.
Тадбирда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев, Болалар психологияси маркази мутасадди раҳбарлари ҳамда тизим ҳарбий хизматчилари иштирок этиб, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари хурсандчилигига шерик бўлишди.
Танловда тарбиячилар иштирокчиларга яқиндан ёрдам беришди. Таом тайёр бўлгунга қадар болалар турли саҳна кўринишлари, гўзал ашула ва рақслар билан тадбирга янада файз бағишлади.
Якуний натижаларга кўра, бир-биридан ширин сомса, палов ва шу каби миллий таомлар тайёрлаган жамоалар турли номинациялар бўйича муносиб рағбатлантирилди.
Шунингдек, оромгоҳ ҳудудида болаларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда турли вазифаларни ўз ичига олган 12 та ўйин нуқталари ташкил этилди.
Фаол ўйинлар ва мантиқий савол-жавоблар, интеллектуал викториналар ва квестлар, ижодий маҳорат дарслари ҳамда спорт мусобақалари болалар кайфиятини янада кўтариб, уларга унутилмас таассурот хадия этди.
Болалар ўйинлар ва мусобақаларда иштирок этиш орқали жетонлар тўплаб, уларни ярмаркага қўйилган севимли маҳсулотларига алмаштиришлари мумкин бўлди. Улар учун кийим-кечак, заргарлик буюмлари, ўқув қуроллари, ўйинчоқлар ва бошқа кўплаб болалар учун керакли бўлган маҳсулотлар тақдим қилинди.
Бир сўз билан айтганда бу кун ҳар бир бола учун жуда мазмунли ва таассуротларга бой тарзда ўтказилди.