18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Халиковлар оиласининг фарзандлари Термиз археология музейига ташриф буюрди. Тарих ва бугунни бевосита боғлаб турувчи, инсониятнинг ибтидосидан то бугунги кунигача тилсиз ҳикоя қилувчи хотираларни ўзида асраб келаётган ушбу музейдаги экспонатлар ёшларда катта таассурот қолдирди.
Саёҳатга келган болажонларга музей мутахассислари томонидан Сурхон воҳасининг тарихи, асрлар давомида сақланиб қолган қадриятлари ҳамда қадимий археологик топилмалари хусусида атрофлича маълумотлар берилди. Ташкил этилган тадбирда ўғил-қизлар миллий тарихимизга оид билим ва тушунчаларга эга бўлдилар.