Бугун тонгда Тошкент шаҳридаги 30-сонли “Меҳрибонлик” уйининг 129 нафар тарбияланувчиси “Нур” болалар соғломлаштириш оромгоҳига дам олишга йўл олди. Оромгоҳ Бўстонлиқ туманининг сўлим гўшасида жойлашган. Тоғ ҳавоси, табиат ва қизиқарли спорт дастури, интеллектуал мусобақалар, турли ўйинлар болаларга ёзги таътилни ажойиб ўтказиш ва оромгоҳ ҳамда янги дўстлар ҳақидаги ёқимли хотиралар билан мактабга қайтиш имконини яратиб беради.
Саёҳат олдидан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари автобус ҳайдовчиларига кўрсатмалар бериб, болаларни олиб бориш қоидаларини эслатдилар. Шунингдек, болаларга ҳамроҳ бўлган тарбиячиларга автобусни зудлик билан тўхтатиш зарурати туғилса, нима қилиш кераклиги тушунтирилди. Шу билан бир қаторда, болаларнинг ўзларига ҳам тоғли йўлларда саёҳат қилишда автобусларда ўзини қандай тутиш кераклигини тушунтириб берилди. Шундан сўнг, болалар карвони тоғ томон йўл олди.