2023 йилнинг 11-14-август кунлари Полша давлатининг Варшава шаҳрида жаҳоннинг турли минтақаларидаги 21 та давлатдан келган Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида футбол бўйича VIII-Жаҳон чемпионати ўтказилди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган пойтахтимиздаги 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари фахрли II-ўринни қўлга киритиб, кумуш медаль соҳибига айланишди.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, улар футболспорти бўйича дунёда етакчи бўлган мамлакатлар Португалия, Чехия, Полша каби давлатларнинг ёш иқтидорли футболчилари билан ғолиблик учун ўзаро рақобатлашиб, қандай маҳоратга эга эканликларини амалда кўрсатишди.
Ғолиблар 16-август куни эрталаб Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортда тантанали тарзда кутиб олинди. Уларни яқинлари, ўқитувчилари ва мураббийлари Миллий гвардия ҳарбий оркестри садолари остида катта ҳаяжон билан кутиб олишди.
Албатта эришилган ушбу ютуқлар замирида болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун ташкил этилган тўгараклардаги тўғри йўлга қўйилган спорт машғулотлари, тинимсиз меҳнат ётибди десак муболаға қилмаган бўламиз. Ишонамизки ҳозир ғалабани тантана қилаётган ушбу ёшларимиз, келгусида мамлакатимизга бунданда улкан ютуқларни тақдим этишади.